30 ёшгача ёки 35 ёшгача?
Ҳалигача ёш оила мезони учун 2007 йилда белгиланган қоидалар амал қилади (ёш оила тоифасига турмуш қурганларнинг ёши 30 ёшдан ошмаган…). Албатта, янги тартиб шу мезонларни ҳам қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Зеро замон ва ўлчовлар ўзгармоқда. Ёшлар ўқиб, илм олиб, молиявий оёққа туриб, мустақиллигини ҳис қилиб тобора кечроқ турмуш қуришмоқда.
Айни пайтда Ёш оила учун имтиёзли ипотека тизимида яна ўтган даврлардаги хатоларни такрорламаслик ва янги реалликларни инобатга олиш керак бўлади.
Биринчидан, иккиламчи бозорга ажратмаслик (мавжуд уйни ўзига ўзи ё қариндошига ипотека қилиб расмийлаштириш авж олади ва янги уй-жой қурилиши рағбатланмайди, нарх спекуляцияларига шароит яратади).
Иккинчидан, фақат бирламчи бозорга, шунингдек, кадастрсиз, қурилиш босқичидаёқ ипотека битими тузиш имконини яратиш, бунинг учун тезроқ эскроу тизимини ишга тушириш.
Учинчидан, қўшимча бюрократик мезон ўрнатмаслик (маҳалладан, ЁшИтдан, ҳокимиятдан, ишхонадан) ва жараённи барча занжирларда тўлиқ рақамлаштириш.
Тўртинчидан, кредит максимал миқдорига амалдаги Давлат дастуридаги каби (480 млн) чеклов белгилаш, лекин фарзандлар сонига қараб миқдорни ошириб бориш: айтайлик, битта бола бўлса 1,2х, иккита бола 1.35х, учта ва ундан кўп бола 1,5х.
Бешинчидан, эр-хотиннинг биргаликдаги қарздорлигини, айниқса расмий бандлигини (биринчи ўринда хотинни) имтиёзли давр билан рағбатлантириш. Масалан, эр расмий банд бўлса, 1 йил имтиёзли давр, эр ва хотин ҳам расмий банд бўлса, 3 йил имтиёзли давр.
Олтинчидан, дастлабки бадал сифатида эр-хотин, ота-оналарнинг (қайнота ва қайноналар) шахсий жамғарилган пенсиясини (инпс) ишлатишга ёки бадал гаровига рухсат бериш.
Еттинчидан, Ёш оилаларнинг ипотекаси йўналтириладиган кўп қаватли уйлар учун тўртдевор коробка эмас, калити билан тайёр топшириш шартларини қўшиш зарур. Ёшларга одми бўлсаям, тезроқ кириб мустақил яшайдиган уй керак. Айни пайтда бу орқали мазкур сегментда уй-жой таклифи ҳам кўпаяди.