Қозоқ нефти ва бензини Ўзбекистонга келадими?
Остонада ўтаётган RES 2026 экологик саммитида Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов Ўзбекистон билан энергетика ва нефть-кимё соҳасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболлари ҳақида гапирган.
Ерлан Ақкенженовга кўра, Ўзбекистонга айнан қозоқ хом нефти ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш кўриб чиқилмоқда. Перманент нобарқарорлик, дефицит ва қимматчилик гирдобидаги Ўзбекистон ёқилғи бозори учун бу жудаям муҳим ишора.
Ерлан Ақкенженовнинг баёноти Россия қозоқ нефтини Дружба нефть трубаси орқали Германияга етказишни тўхтатиши ҳақидаги хабарлар фонида янграмоқда. Қозоғистон мазкур магистрал труба орқали Германияга йилига 2,1 млн.тонна нефть етказиб келган.
Россиянинг Украинага ҳужумидан кейин Ўзбекистон ёқилғи бозори агрессор мамлакатга қарамлиги кескин ошган ва афсуски, қарамликни пасайтириш бўйича амалий ҳаракатлар кўзга ташланаётгани йўқ эди. Иқтисодий, транспорт-логистик ва ўзаро манфаатдорлик омиллари ҳисобга олинса, Ўзбекистон узоқ Россиядан эмас, қардош ва қондош Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбайжондан нефть ва нефть маҳсулотлари импорт қилиши афзалроқ ҳисобланади.