19K68Telegramda ochish
Коммунал соҳа: бошқарув органларига талабни ошириш вақти келди Коммунал хизматлар тизимида сўнгги йилларда сезиларли институционал ўзгаришлар кузатилмоқда. Тартибга солиш механизмлари янгиланяпти, рақамли инструментлар жорий этиляпти, хизмат кўрсатиш жараёнларини шаффофлаштиришга уриниш бор. ПҚ-48 каби ҳужжатлар орқали соҳани модернизация қилишга қаратилган ёндашув шаклланди. Лекин шу билан бирга, бир қарашда кўзга ташланмайдиган, аммо жиддий ўйлаб кўришга мажбур қиладиган бир ҳолат шаклланиб бораётгандек. Гап айнан алоҳида ҳолатлар эмас, балки бир хил ҳуқуқий мақомда ишлаётган бошқарув органлари ўртасидаги сифат фарқи ҳақида кетяпти. Бир жойда бошқарув органи ҳақиқатан хизмат кўрсатишни тизимли йўлга қўйган: техникаси бор, диспетчерлиги тун-кун ишлайди, мурожаатга ўз вақтида жавоб беради, муаммога ечим бор, ҳатто қўшимча сервислар орқали рақобат яратишга ҳаракат қилаяпти. Яна бир жойда эса эски ишлаш модели сақланиб қолган: 24/7 хизмати йўқ, бўлса ҳам фақат қоғозда, авариявий ҳолатларга реакция суст, қарздорлик эса деярли ҳар қандай ҳаракатсизликка баҳона сифатида кўрсатилади. Муаммо шундаки, бу икки ҳолат бир тизим ичида, бир хил қоидалар доирасида параллел мавжуд. Натижада бир ҳудудда мулкдор тўлаган пулига мос хизмат оляпти, бошқа ҳудудда эса худди шу тўлов эвазига сифатсиз хизмат кўрсатиляпти. Бу энди адолат масаласи. Агар хизмат сифатига нисбатан ягона талаблар, аниқ ўлчовлар ва ишламайдиганларга нисбатан таъсирчан жавобгарлик механизми бўлмаса, яхши ва ёмон ишлаётганлар ўртасида амалда фарқ сезилмаса, бундай шароитда ривожланиш секинлашиши мумкин. Шунинг учун “нега бир хил тўлов амалга оширамиз амалда эса ҳар хил хизмат оламиз?” деган савол охирги пайтларда кўп янграмоқда ва бунга алоҳида ҳолатлар мисолида эмас, балки бутун тизим даражасида жавоб излаш вақти келди. Бошқарув органлари учун хизмат кўрсатиш стандартларини аниқ белгилаб қўйиш, уларнинг ижроси таъминланмаган тақдирда аниқ ва таъсирчан чоралар кўриш, аҳоли учун энг зарур хизматлар хусусан 24/7 диспетчерлик хизмати бошқарув усулидан қатъий назар мажбурий талаб сифатида белгиланиши керак. Шу билан бирга, бошқарув органларини электрон реестрга киритиш масаласига ҳам жиддий қараш зарур. Реестр формал рўйхат эмас, балки сифат фильтрига айланиши, нопрофессионал ва тайёргарлиги етарли бўлмаган субъектлар бозорга кирмаслиги керак. Чунки хизмат сифати айнан шу босқичда шаклланади.

Arxivda shunga yaqin