Россия армиясига ёлланган хорижликлар орасида ўзбекистонликлар энг кўп қурбон қилинмоқда
Украина ва Қозоғистон ҳуқуҳбонлари Россиянинг Украинага босқинида ёлланган хорижий давлатлар фуқаролари тўғрисида катта тадқиқотини эълон қилишган.
Ўрганишларга кўра, афсуски, Россия армиясига ёлланганлар бўйича ҳам ва қурбон бўлганлар бўйича ҳам ўзбекистонлик ватандошлар кўпчиликни ташкил этишмоқда.
Аниқланишича, Россия армиясига ёлланган камида 481 ўзбекистонлик ватандош қурбон бўлган (кейинги ўринда тожикистонликлар).
Тадқиқотда Россия армиясига хорижликларни ёллаш усуллари ва воситаларига ҳам эътибор қаратилган.
Ёзилишича, Россияда рекрутерлар энг аввало эътиборини Марказий Осиёликлар ва бошқа мигрантларга, тизимли дискриминацияга дуч келаётганларга қаратишган. 2022 йилдан бери мигрантлар яшаш жойларида, иш жойларида ва масжидларда рейдлар сони кескин ошган, шу билан бирга ҳарбий контракт имзолаш депортация ёки жиноий таъқибга альтернатива сифатида тақдим этилмоқда. Тадқиқотда ҳужжатларни тортиб олиш, жиноий айбловларни сохталаштириш, калтаклашлар ва қийноқ сифатида баҳоланиши мумкин бўлган ҳаракатлар қайд этилган. Кўпчиликни Россияда фуқаролик иши, армияда жанговар бўлмаган лавозимлар ёки Европа мамлакатларига соддалаштирилган кириш ваъдалари билан алдаб жалб қилишмоқда. Рус тилини билмайдиган шахсларга ҳеч қандай тушунтиришсиз рус тилидаги контрактлар имзолаш учун берилади. Фақат бир неча ҳафта тайёргарликдан сўнг чет эл фуқаролари жуда хавфли «гўштли штурм»ларга юборилади.