Қувончли ва умидбахш хабар
“Андижон” футбол клуби молиявий инқироз туфайли ўз фаолиятини тўхтатаётгани айтилмоқда.
Йиллар давомида вилоят давлат корхоналарининг ва хусусий бизнеснинг мажбурий ҳомийлиги эвазига паразитлашган ҳолда мавжуд бўлиб келган клубнинг тугатилиши, албатта, қувончли хабар. Андижон вилоятининг заҳматкаш халқини охирги харажати унинг бўйнига ўтирадиган бир тўдадан қутулгани билан табриклайман.
Ўзбекистонда, бугунги иқтисодий аҳволимизда фақат ҳаваскор, болалар футболи имконимизда.
Янги шароитда Футбол моделимиз тахминан шундай ишлаши лозим: Футбол мактаблари йилига 20-25 та топ футболчи етиштиради, уларни ўртача 8-10 миллион долларга сотади ва бу пулларни фақат футбол мактабини ривожлантиришга йўналтиради. Ҳар йили пайдо бўладиган 20-25 та футболчи четга кетади ва ўшалар терма командани шакллантиради.
Ахир бу Африкача моделку дейишингиз мумкин. Ҳа, айнан шундай!
Биз ҳозир Африканинг 30 дан зиёд мамлакатидан қашшоқроқмиз. Буни инобатга олганда Африкача футбол моделини танлаш олдинга ташланган қадам бўлади.
Ўзини гўёки хусусий деб атаб олган, аслида қиммат овунчоқлар ҳисобланган Пахтакор ва Қўқон-1912 лар нима қилсин, дерсиз. Улар ўзларининг бизнес моделини тўғри деб билса ўзларига мос чемпионат топсин. Ана Қозоғистон чемпионатига қўшилсин ёки Россия 1- лигасига. Локомотив, Бунёдкор ва бошқа давлат компанияларининг бўйнига ўтириб олган клублар тугатилиши, тўлиқ тафтиш қилиниши, ўзлаштирилаётган пуллар ортга қайтарилиши лозим.
Ўзбекистон иқтисодиёти ҳар бири клуби камида 40-50 миллиард сўмни ўзлаштирадиган самарасиз чемпионатни ўзининг елкасига осиб юришга қодир иқтисодиёт эмас.