17K65Telegramda ochish
Инвесторлар Ўзбекистондан нимани кутяпти? Тошкент инвестиция форуми доирасида эълон қилинган инвесторлар кайфияти бўйича тадқиқот муҳим бир сигнални кўрсатди: бизнес учун устувор масала фақат инфратузилма ёки капиталга кириш эмас, балки солиқ сиёсатининг барқарорлиги ҳамдир. Тадқиқотга кўра, респондентларнинг 48 фоизи Ўзбекистон рақобатбардошлигини ошириш учун солиқ қонунчилиги барқарор ва ўзаро мувофиқ бўлиши кераклигини таъкидлаган. Яна 37 фоиз солиқ нормаларининг турлича талқин қилинишини муаммо сифатида кўрсатган. Бу рақамлар бизнес учун солиқ юки даражасидан ҳам кўра, қоидаларнинг олдиндан маълум ва барқарор бўлиши муҳим эканини англатади. Амалда эса айрим солиқ инструментлари, хусусан акциз ставкалари, асосан йиллик горизонтда қайта кўриб чиқилади. Бундай ёндашув ишлаб чиқарувчи ва инвесторлар учун ўрта муддатли режалаштиришни қийинлаштиради: нарх сиёсати, хомашё хариди, ишлаб чиқариш ҳажми ва инвестиция қарорлари доимий ноаниқлик остида қолади. Муаммо ставкаларнинг ўзгаришида эмас. Асосий масала ўзгаришлар қай даражада олдиндан маълум ва прогноз қилинадиган бўлишида. Шу нуқтаи назардан, акциз ставкалари бўйича уч йиллик режалаштириш механизмини жорий этиш мантиқий қадам бўлади. Масалан, давлат 2027–2029 йиллар учун ставкалар ўзгариш траекториясини олдиндан белгиласа, бизнес ҳам ўз молиявий моделини аниқроқ тузади. Бу солиқларни кескин ошириш дегани эмас. Гап солиқ юкидаги ўзгаришларни босқичма-босқич, тушунарли ва олдиндан маълум тартибда амалга ошириш ҳақида кетмоқда. Бундай ёндашув бизнесга режалаштириш имконини беради, давлат учун эса бюджет тушумларини аниқроқ прогноз қилиш ва бозорда кескин силкинишларни камайтиришга хизмат қилади. Қисқаси, инвестор учун солиқ қанча бўлишидан ҳам аввал, унинг олдиндан маълум бўлиши муҳим. Бозор ҳам ҳозир айнан шуни кутяпти.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin