Онлайн савдо кичик бизнес учун энг катта имкониятлардан бирига айланмоқда
Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳақида кўп гапирилади. Лекин тадбиркор учун энг муҳим савол доим бир хил: маҳсулотни қаерда сотиш мумкин?
Сўнгги йилларда бу саволга жавоб сифатида маркетплейслар шаклланди. Бугун Uzum Market платформасида 18 мингдан ортиқ сотувчи фаолият юритмоқда. Уларнинг аксарияти учун бу ўз бизнесини бошлашдаги биринчи қадам бўлган.
Масалан, кулол Обиджон Орифжонов. Унинг оилавий ҳунармандчилиги рақамли савдо орқали янги бозорга чиқди. Бугун у Uzum Market орқали ҳар ой тахминан 15 миллион сўм қўшимча соф даромад олмоқда.
Аёллар тадбиркорлигида ҳам шундай мисоллар кўпаймоқда. Самарқандлик Гулҳаё Бобоқулова маркетплейсга чиққанидан саккиз ой ўтиб ойлик айланмасини 20 миллион сўмдан оширган. Momkidz дўкони асосчиси Моҳира Тоймурадова эса савдони бошлаганидан кейин бизнесини кенгайтириб, ўзи орзу қилган автомобилни сотиб олди.
Бу алоҳида ҳолатлар эмас. Рақамлар ҳам шу тенденцияни кўрсатмоқда.
Uzum Market маълумотларига кўра, платформадаги сотувчилар айланмаси бир йил ичида 60 фоизга ўсган. Йил бошидан фаол сотувчилар сони 32 фоизга, сотилаётган маҳсулотлар (SKU) сони эса 25 фоизга кўпайган.
2025 йил якунларига кўра, Uzum’нинг электрон тижорат йўналиши айланмаси 500 миллион доллардан ошиб, бир йилда 1,5 баробар ўсди. Бир йил ичида 34 миллионта буюртма расмийлаштирилди. Платформада маҳаллий тадбиркорларнинг 1,9 миллион турдаги маҳсулоти сотилмоқда ва сотувчиларнинг қарийб 90 фоизини кичик бизнес вакиллари ташкил этади.
Муҳим жиҳати шундаки, компания фақат савдо майдонини эмас, билим бериш тизимини ҳам шакллантирмоқда. 2022 йилдан буён Uzum Sellers Academy орқали 9 мингдан зиёд киши ўқитилди. Курсни тугатган сотувчиларнинг савдо ҳажми ўртача 3,5 баробарга ошгани қайд этилмоқда. Яқинда эса электрон тижорат соҳасида талаб юқори бўлган «Uzum Market менежери» йўналиши ҳам ишга туширилди.