Uzum ярим йилда қарийб 900 млрд сўм солиқ тўлади
2026 йилнинг биринчи ярмида Uzum давлат бюджетига қарийб 900 млрд сўм солиқ тўлаган. Бу рақам платформа иқтисодиёти энди шунчаки онлайн савдо эмас, балки мамлакат солиқ базасининг муҳим қисмига айланаётганини кўрсатади.
Муҳим жиҳати бу суммага Uzum экотизимида ишлаётган 100 мингдан ортиқ тадбиркор, сотувчи ва ҳамкорларнинг солиқлари кирмаган. Яъни платформанинг таъсири фақат ўз фаолияти билан чекланмайди, у атрофида бутун бир кичик ва ўрта бизнес қатламини шакллантиряпти.
Uzum Market маълумотларига кўра, маркетплейсдаги сотувчилар айланмаси йилдан-йилга 60 фоизга ошган. Айланма ошса қонуний савдо кўпаяди, қонуний савдо кўпайса солиқ тушуми ҳам ортади.
Uzum асосчиси ва бош директори Джасур Джумаевнинг айтишича, компания учун нафақат йирик технологик бизнес қуриш, балки Ўзбекистон иқтисодиёти учун реал қиймат яратиш ҳам муҳим. Унинг таъкидлашича, солиқ тўловларининг ўсиши рақамли сервислар мамлакат иқтисодий инфратузилмасининг тўлақонли қисмига айланиб бораётганини кўрсатади.
Аслида, масаланинг моҳияти ҳам шу ерда. Бугун рақамли платформалар фақат товар сотиш ёки тўлов қилиш воситаси эмас. Улар тадбиркорни қонуний айланмага олиб киради, молиявий сервисларга улайди, логистикани енгиллаштиради ва бизнесни офлайндан онлайнга олиб ўтади.
- https://t.me/uzum_pressoffice/307@uzum_pressoffice