


ERMAK The BrandLaureate Awards 2026 танловида ғолиб бўлди
Бренд яратиш — маҳсулот ишлаб чиқаришдан ҳам қийинроқ вазифалардан бири. Уни халқаро даражада тан олдириш эса янада катта меҳнат, барқарор сифат ва узоқ йиллик ишончни талаб қилади.
Шу нуқтаи назардан, Малайзияда бўлиб ўтган The BrandLaureate Awards 2026 халқаро мукофотида Ўзбекистоннинг ERMAK бренди икки йўналиш бўйича ғолиб бўлди. Бренд соғлом озиқ-овқат ва ичимликлар тоифасида энг яхши деб топилди. Компания раҳбари Валижон Салихов эса миллий брендни халқаро майдонга олиб чиқишдаги етакчилиги учун алоҳида мукофот билан тақдирланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда маҳаллий брендларни ривожлантиришга эътибор кучаймоқда. Бундай халқаро эътирофлар эса ўзбек компаниялари нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорларда ҳам рақобатлаша олаётганини кўрсатади.
Кучли бренд мамлакат иқтисодиёти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки у экспорт ҳажмини оширишга, янги бозорларга чиқишга, инвестицияларни жалб қилишга ва мамлакатнинг ишбилармонлик имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Халқаро мукофотлар алоҳида бир компаниянинг ютуғи бўлибгина қолмай, миллий брендларни ривожлантириш йўлидаги муҳим натижа сифатида ҳам баҳоланади.
- https://t.me/uzchamber/23464@uzchamber