Шулар бизда ҳам АЭС қурмоқчими?
Дарё Мисрда Росатом томонидан қурилаётган Эл Дабаа АЭСида хавфсизлик қоидаларининг бузилаётганига оид Politico нашрида чиққан материал билан улашмоқда.
Миср атом электр станциялари бошқармаси 4 июнда “Росатом” топ-менежерларидан бирига йўллаган махфий мактубида қурилиши тугалланмаган реактор блокларида аниқланган нуқсонлар, ядровий хавфсизлик этикасининг бузилиши ва лойиҳа ходимларидан бири томонидан қасддан бепарволик ҳақида хабар берган. Хусусан, 1, 2 ва 3-энергоблоклар пойдевор плиталаридаги камчиликларни бартараф этиш учун бир йил вақт сарфланган, 4-блок бетонида эса бўшлиқлар аниқланган.
Миср регулятори “Росатом”ни станция қурилиши ярмидан кўпроғига якунланганини исботлаш учун чалғитувчи усуллар ва сохта ишларда айблаган. Объектдаги визуал кўрик асосий иншоотлар ҳали ҳам ерости қурилиш босқичида эканини кўрсатган.
“Росатом”да нопрофессионал корпоратив маданият шаклланган: ходимларда тақиқланган алкоголли ичимликлар аниқланган, улар сохта рухсатномалардан фойдаланган, қурилиш майдончасида олинган сурат ва видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган. Оғир очиқ синиш жароҳати олган ишчини эса жиҳозланган тез ёрдам машинасида шифохонага олиб бориш ўрнига, воқеани қасддан яшириш учун шахсий машинада олиб кетган.
Мисрдаги АЭСнинг биринчи энергоблокини ишга туширишни бир ярим йилга — 2028 йил сентябридан 2030 йил март ойига кечиктирилиши кутилмоқда.
Мисрдаги вазият Венгриядаги лойиҳанинг тақдирига ҳам таъсир қилиши мумкин. У ерда “Росатом” томонидан қурилаётган иккита янги энергоблокни тафтиш қилиш бошланган.
Янги бош вазир Петер Мадяр лойиҳанинг амалга оширилишини шубҳа остига қўйган. Унинг сўзларига кўра, Венгрия бир нечта омборхоналар ва иккита катта бетон чуқур деб таърифлаган объектга қўшимча равишда тахминан 2,8 миллиард евро сарфлаган.