14K26Telegramda ochish
Uzum Tezkor етказиб бериш инфратузилмасини бизнес учун очди Энди ресторанлар телефон, Telegram, ижтимоий тармоқлар ёки ўз иловасидан келган буюртмаларни Uzum Tezkor курьерлари орқали етказиши мумкин. Яъни буюртма олиш канали рестораннинг ўзида қолади, етказиб беришни эса ташқи хизмат бажаради. Мижоз буюртмасини ҳавола орқали кузатади, зарурат бўлса, қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилади. Таомлар термосумкаларда эшиккача етказилади. Ресторанлар учун хизмат Uzum Tezkor ишлаётган 13 та шаҳарда мавжуд. Компания маълумотига кўра, тариф об-ҳаво ва йўл шароитига қараб ўзгармайди. Uzum Market сотувчилари учун ҳам алоҳида логистика хизмати йўлга қўйилган. Улар шахсий кабинет орқали курьер чақириб, товарларини омбор ёки топшириш пунктига юбориши мумкин. Жўнатмалар суғурталанади, тарифга юклаш учун бепул кутиш вақти ҳам киритилган. Бу хизмат ҳозирча Тошкентда ишлаяпти, унга 800 дан ортиқ сотувчи уланган. Бизнес учун амалий томони ўз курьерларини ёллаш ва етказиб беришни бошқаришга муқобил пайдо бўляпти. Тадбиркор тайёр инфратузилмадан фойдаланиб, кўпроқ эътиборини маҳсулот ва савдога қаратиши мумкин. Хизматнинг иқтисодий фойдаси эса буюртмалар ҳажми, тариф ва етказиб бериш сифатига боғлиқ.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin