Uzum Market ўзбекистонлик сотувчиларни қўшни давлатлар бозорларига олиб чиқиш имкониятини кўриб чиқмоқда
Компания маҳаллий тадбиркорларга ўз маҳсулотларини Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон бозорларига сотиш имконини берувчи янги механизм устида ўйламоқда.
Бунда асосий урғу ўзбекистонлик тадбиркорларни ташқи бозорларга чиқаришга қаратилган. Яъни, Uzum Market ўз инфратузилмаси, технологик ечимлари ва логистика имкониятлари орқали маҳаллий бизнеснинг минтақавий савдога чиқишини қўллаб-қувватламоқчи.
Жараёнда Uzpost инфратузилмасидан ҳам фойдаланиш режалаштирилган. Uzum Market ва Uzpost ҳамкорлигида сўнгги икки йил ичида мамлакат бўйлаб 820 дан ортиқ буюртма топшириш пунктлари ишга туширилган. Эндиликда ушбу тажриба экспорт етказиб бериш тизимини кенгайтириш учун асос бўлиши мумкин.
Агар лойиҳа амалга ошса, ўзбекистонлик сотувчилар учун Uzum Market нафақат ички савдо майдони, балки қўшни бозорларга чиқиш канали ҳам бўлади.