21K209Telegramda ochish
Гулнора Каримова ўғирлаган пулларнинг қайтарилаётган 131 млн долларлик қисмига нима қилиш керак, деган савол ҳали анча вақт кун тартибида бўлади. Фикри ожизимча, бу пулларни яна гўёки аҳолига етказамиз, дея Маҳалла вазирлиги орқали тарқатилса ёки бўлмасам қашшоқларни тадбиркор қиламиз, дея Оилавий тадбиркорликка имтиёзли кредитлар ажратишлар бошланса, пуллар манзилга яна етиб бормайди. Ҳузурини ўрта ва майда ўғрилар кўради. Гулнора Каримова бу пулларни биринчи навбатда мамлакат ёшларидан ўғирлаган, деб ҳисоблайман. Яъни Гулнора Каримова болаларимизнинг келажагини ўғирлаган, уларни қашшоқликка, умидсизликка, илмсизликка маҳкум этган. Дарвоқе, ҳозирги чириган ўғрилар ҳам том маънода мамлакат ёшларининг келажагини ўғирлашмоқда. Назаримда, бу пулларни ҳар қишлоқ туманида ҳеч бўлмаса биттадан мактаб қуришга сарфлаш керак. Бугун фарзандларимиз қишлоқ туманларида ва ҳатто шаҳарларда ҳам ўқиётган мактабларда на нормал туалет, на нормал сув таъминоти ва нормал иситиш мавжуд. Қирқта ўқувчи ўқимайдиган, иккита сменага бўлинмаган мактабнинг ўзи йўқ. Қишда буржуй печкаларда кўмир ёқилади. Мактабларнинг карантин талаблари доирасида янги ўқув йилига тайёргарлиги бўйича ўрганишлар аҳволимиз қанчалик ачинарли эканини кўрсатиб қўйди. Йилига қарийб юз тонна олтин сотадиган мамлакат учун ўқитувчиларнинг туалет оқлаши ёки пул тўплаб қўл ювишга қўлбола қўлювгич сотиб олаётгани, обдаста ва бочкаларга сув захираланаётгани жуда уятли. Қурилган ҳар бир мактаб пештоқига бу мактаб миллат ва келажак ўғриси, 13 йилга қамалган Гулнора Каримовадан қайтарилган пулга қурилган, деб ёзиш керак бўлади. Токи бошқа ўғриларга ҳам сабоқ бўлиши учун. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin