Кредит таътиллари ҳақида
1 октябрь яқинлашгани сайин банкларда ва банкларнинг қарздор мижозларида қўшимча кредит таътиллари тақдим этиш ёки этмаслик борасида кўплаб саволлар пайдо бўлмоқда.
Айрим банклар ҳатто бу борада Марказий банкка мурожаат ҳам этишган кўринади. Банкларни ҳам тушуниш мумкин, аввалги даврларда бўлганидек улар масъулиятнинг бир қисмини регулятор билан бўлишишни, тепадан топшириқ бўлишини исташади. Айниқса ҳозирги қарор қабул қилиш мураккаб ва баҳолаб бўлмас оқибатларни келтириб чиқариш мумкин бўлган вазиятда.
Лекин негадир кўпчилик Марказий банк раиси 2020 йил 10 сентябрдаги анжуманда кредитлар муддатини узайтириш масаласида айтган қуйидаги жавобини эсдан чиқарган кўринади.
"Шу ўринда сўнгги пайтларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалалардан бири – бу кредитлар бўйича муддати узайтирилган тўловларни 1 октябрдан кейин ҳам яна бир бор кечиктириш масаласидир.
Бу борада таъкидлаш зарурки, Марказий банк томонидан 2019 йилда Жаҳон банки экспертлари кўмагида қарздорларда молиявий қийинчиликлар вужудга келганда, кредит бўйича тўловлар муддатларини узайтиришнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилган.
Мазкур тартибга асосан кредит бўйича тўлов муддатларини узайтириш масаласи банклар томонидан мустақил равишда қарздорнинг пул оқимларидан келиб чиққан ҳолда мижозбай кўриб чиқилиши мумкин."
Яъни, банклар янги кредит таътиллари берилишини ўзининг риск иштаҳаси, эҳтимолий йўқотишлари, портфели сифати ва кутилмаларидан келиб чиқиб мустақил ҳал этади. 2020 йил 11 июнда тасдиқланган қоидаларга кўра, қатор мезонларга жавоб берган қарздорларга қўшимча 6 ойлик имтиёзлик давр тақдим этилиши мумкин.
Олдинга ўтиб айтиш керакки, мезонларга кўра муддати ўтган қарздорликка эга, сурункали равишда мажбуриятларни бажармаган ёки бўлмасам бошқа банкларда муддати ўтган қарзи бор қарздорларга қўшимча имтиёзли давр тақдим этилмайди.
@the_bakiroo