16K243Telegramda ochish
Афсуски, коронавирус омили салбий таъсиридан келиб чиқиб жисмоний шахсларга кредит бўйича тўловларини қайтариш юзасидан 2020 йил 1 октябргача имтиёзли давр бериш тавсияси билан пандора қутисининг иккинчи қопқоғи очиб юборилди. Биринчидан, бу вазиятдан молиявий имконияти ёмонлашган қарздорлар ҳам, молиявий имконияти яхши қарздорлар ҳам фойдаланишга, банкларга чопиб боришга уринади. Иккинчидан, тижорат банклари реструктуризация бўйича жисмоний шахсларнинг бирданига пайдо бўладиган ўнминглаб буюртмаларини қандай қайта ишлайди, жуда катта савол. Айниқса карантин ва ижтимоий масофаланиш сўралаётган пайтда. Ҳозирги вазиятда реструктуризация буюртмаси бўйича ариза бериш ва бу бўйича масалаларни кўриб чиқишни 2020 йил май-июнь ойига қолдириш тавсия этилса бўларди. Учинчидан, ҳатто энг объектив хулоса асосида реструктуризацияга рад жавоби берилган тақдирда ҳам ариза ва шикоятлар авж олади. Тижорат банкларининг бусиз ҳам юқори бўлмаган репутацияси оёқости қилинади. Ана тепадаги катталаримиз рухсат берди, сен нега йўқ деяпсан, қабилида айюҳанносларга тайёр туриш лозим. Тўртинчидан, тижорат банкларининг мажбуриятларини ҳеч ким чўзиб бергани йўқ. Активлари муддати эса камида 6 ойга узайтирилаяпти, бу оралиқдаги узилиш қандай ва қайси манбалар ҳисобига қопланади - номаълум. Туризм, транспорт, меҳмонхона ва умумий овқатланишдан кейинги зарбани тижорат банклари қабул қилиб олади шекилли бу кетишда. Шу ўринда молиявий имконияти барқарор шахслар, айниқса давлат амалдорлари, уларнинг қариндошлари, кучишлатар идоралар, йирик давлат корхоналари, тижорат банкларида ишловчи қарздорларга мурожаат этмоқчиман: Илтимос, бу имтиёз бериш бўйича тавсиялардан ҳақиқатда муҳтожлар, кризис оқибатида қийналиб қолганлар фойдалансин. Қарзни қайтариш имкони бўла туриб, қайтармаслик жуда хунук иш, сурбетлик бу, бировнинг ҳақига хиёнатдек иш. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin