Пашшани котлетдан ажратиш лозимлиги ҳақида
2020 йил октябрь ойи бошланиши билан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва қатор блогерлар айрим тижорат банклари қарздорларининг, айниқса жисмоний шахс қарздорларнинг карантин бошланиши билан апрель-сентябрь ойлари учун таътил берилган 6 ойлик қарздорликларини бирданига ундириш ҳаракатларига рўпара бўлинаётгани ҳақида ёзишмоқда.
Аввало 03.04.2020 йилдаги 5978- сонли Фармонни эслаш керак бўлади. Фармоннинг 11- бандига кўра, хусусан, тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктириш тақдим этиш чоралари кўриш вазифаси Марказий банкка топширилган.
Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси 2020 йил 7 апрелдаги қарори билан кредитлар муддатини томонлар келишувига кўра (!) 1 октябрга қадар узайтириш ва бунда қарздор даромадлари ва пул оқими кредитнинг:
а) асосий қарзни тўлашга етмаганда, кредит шартномаси охирги муддатини мос даврга узайтириш;
б) асосий қарз ва фоиз тўловларини тўлашга етмаганида асосий қарзни а) бандига асосан, ҳисобланган фоизларни эса тўлов муддати узайтирилган даврга мос равишда узайтириш имкониятини тақдим этган.
Бу ерда муҳим жиҳат шуки, ушбу қарор қаттиқ карантин шароитида қабул қилинганлигидан келиб чиқиб, кредит таътиллари берган тижорат банклари карантин юмшатилгач, қарздорлардан тегишли ҳужжатларни қабул қилиб таътил бўйича ўзгартиришларни кредит шартномасига киритишлари лозимлиги қайд этилган (!!).
Амалда нима бўлди?
Амалда тижорат банклари жисмоний шахс қарздорлар борасида асосан уч кўринишда иш тутди:
1- тоифадаги банклар кредитлар бўйича фақат асосий қарз тўловларига таътил берди ва фоиз тўловларини ойма-ой ундиришда давом этди. 6 ойлик асосий қарз тўловлари эса кредитнинг амалдаги муддатига оферта кўринишида бир томонлама қайта тақсимлаб юборилди.
2- тоифадаги банклар кредитлар бўйича фақат асосий қарз тўловларига унинг юкини кредитнинг қолган даврига тақсимлаган ҳолда 6 ойлик таътил тақдим этди, лекин ҳисобланган фоизларни ундиришни тўхтатиб қўйди. Октябрь ойига келиб эса октябрь ойининг асосий қарзи ва 6 ойлик фоиз тўловларини талаб қила бошлашди.
3- тоифадаги банклар кредитлар бўйича асосий қарз тўловлари ва ҳисобланган фоизларга октябрга қадар таътил берган, лекин 6 ойлик йиғилиб қолган асосий қарз ва фоиз тўловларини биратўла октябрдан ундиришни бошлаган.
Қарздорларнинг норозилигини асосан 2- ва 3- тоифа банкларнинг тутган тадбирлари ва амалдаги ҳаракатлари келтириб чиқармоқда.
Бу ерда Марказий банк таътил тақдим этиш бўйича тижорат банкларига тақдим этган имкониятнинг моҳияти бузилган албатта. Лекин бу имконият, тижорат банклари бўйнига қўйилган мажбурият эмаслигини алоҳида таъкидлаш керак бўлади.
2- ва 3- тоифадаги тижорат банкларининг хатоси қарз юки билан боғлиқ октябрь ойида юз бериши мумкин бўлган риск оқибатларни қарор ва ҳаракатларида тўғри баҳолай олмаганида. Тижорат банкларининг яна бир хатоси карантин юмшатилгач, қарздорлар билан таътилга оид ўзгаришларни кредит шартномаларида акс эттирмагани ва қарздорлар ҳужжатларни тегишли тартибда расмийлаштирмаган ҳолда берилган таътил шартлари бекор қилиниши ва дастлабки шартнома шартлари сақланиб қолиниши ҳақида ўз вақтида огоҳлантирилмаганида.
@the_bakiroo
P.S. Дарвоқе, Банк назорати қўмитаси 2020 йил 7 апрелдаги қарорининг 2.5 банди айнан Мижозларни огоҳлантириш деб номланади.