Қорамоллар сони нега камаймоқда?
Ҳар гал қандайдир статистика эълон қилинганда ишонқирамай қарашга одатланганман. Қорамоллар сони статистикаси ҳам шундай.
Бир неча кун аввал 2020 йил 1 июль ҳолатига қорамоллар сони 12 611,8 минг бош дея эълон қилинди.
Ҳайрон бўлдим, чунки 2020 йил 1 апрель ҳолатига мамлакатда 12 745,5 минг қорамол боши мавжудлиги. айтилганди. Демак, 2020 йил 2- чоракда қорамоллар сони 133,7 минг бошга камайиб кетган.
Бунданам қизиғи шуки, 2020 йил 1 январь ҳолатига мамлакатда 12 968,3 минг бош қорамол борлиги эълон қилинган.
Яъни, ўтган 6 ой давомида Ўзбекистонда қорамоллар сони 356,5 минг бошга камайган. Эътибор беринг, чорвачиликка, қорамол сотиб олишга триллионлаб кредитлар ажратилганига қарамай мамлакатда қорамоллар сони ўсмаган, камайишда давом этган.
Ўтган 6 ойда карантин бўлиб четдан қорамол олиб кирилмади, кўп мол сўйилди дейишингиз мумкин, лекин 2020 йил 1 июль ҳолатига қорамоллар сони ҳатто 2019 йил 1 январдаги кўрсаткичдан ҳам кам.
Ахир бу ўзбек статистикаси, одамлар пневмониядан қирилаётгани, коронавирусга чалинаётгани ҳақида алдаётган статистика қорамоллар статистикасини тўғри юритармиди дерсиз балки. Бўлиши мумкин. Ҳар эҳтимолга қарши Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эълон қилган маълумотларни қидирдим. Қорамоллар сони бўйича вазирлик охирги 2 йилда статистика очиқламаган.
P.s. Ҳар эҳтимолга қарши 2019-2020 йилларга таалуқли Статқўм маълумотларини алоҳида сақлаб қўйдим.
@the_bakiroo