Ҳеч ким сайламаган ва ваколатларда чекланмаган ҳокимларга яна совға
Бир неча кун муқаддам халқ таълими бўлими мудирлари ҳокимнинг маориф бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб бориши ва бевосита ҳокимлик биносида ўтириши айтилганди.
Кечаги қарорга кўра эса, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоят ҳокимлари билан келишилган ҳолда тайинланиши белгиланди.
Битта хатони қайта ва қайта такрорлашда бизга тенг келадиган бўлмаса керак.
Бусиз ҳам таълим ва соғлиқни сақлаш борасида тепада озми-кўпми бошланган баъзида косметик, баъзида жиддий ўзгаришлар қуйи бўғинларга етиб бориши қийин кечмоқда. Ҳокимлар атрофига ақл ва салоҳиятда албатта ўзиникидан пастроқ бўлган кимсаларни жамлашга уринишларини бирон дақиқа тўхтатгани йўқ.
Ҳеч ким сайламаган, дунёқараши, фикри, билими ҳаминқадар, иш юритуви зўравонлик ва қонунсизликка асосланган, ваколатини ҳеч ким чекламаган ҳокимларга бусиз ҳам абгор ҳолдаги таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини бўйсундиришдан нима маъно? Улар янаям кўпроқ зўравонлик қила олишлари ёки ўқитувчи ва шифокорларни яна ҳокимнинг мардикорларига айлантириш учунми? Ё яхшигина бюджетга эга таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини янаям кўпроқ талаши учунми?
@the_bakiroo