Ислом Каримовнинг ўжарлиги, қулаётган кўприклар ва кўп қаватли бинолар ҳақида
Кеча Нурафшон кўчаси бўйлаб юриб, 5-6 йил муқаддам очилган кўча бўйлаб қурилган 4-5 қаватли уйларни кузата туриб ва Сурхондарёдаги қулаган кўприк билан боғлиқ комедияни кўриб, Ислом Каримовни эсладим.
Ислом Каримовнинг ғалати одатлари бўлган. Масалан, жудаям баланд қаватли бинолар қурилишини ёқламаган, ҳатто юқори қаватли биноларни қуришга ихтисослашган кранлар, махсус техникалар мамлакатга келтирилмаган ҳам. Кимдир уни, мутлақ ҳокимият эгасининг қайсарлиги, ўжарлигига йўйса, кимдир қанақадир шахсий комплексларга боғлаган.
Менимча эса, Каримовнинг баланд қаватли бинолар, умуман мураккаб иншоотлар қурилишига муносабатида рационал асослар бўлган. У ўз қўл остида кимлар ишлаётгани, топшириқлар ва вазифалар қандай бажарилишини, ижрочиларнинг малакасини жуда яхши билган. Ва албатта мутлақ ҳокимият ва мутлақ масъулият эгаси сифатида техноген ва инсон хатоси туфайли юз бериши мумкин бўлган катастрофалардан жудаям қўрққан. Ва классик диктатор сифатида ҳар эҳтимолга қарши тақиқлаб қўя қолган.
Янги даврда эса тепадагиларнинг ўзларига ўзлари яратган қоидаси борга ўхшайди:
Қўйилаётган вазифанинг, масалан, 30 фоизи бажарилса ҳам вазифа бажарилган ҳисобланади, ҳеч ким жавобгар эмас, ўпариб ташласа ҳам. Ва албатта мутлақ масъулият ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Шунингчун, худо кўрсатмасин, 16 қаватли уйнинг 10 қаватли қисми қулаб тушсаям, охир-оқибатда ҳеч ким айбдор бўлмайди, назаримда. Ахир 6 қавати турипти, 30% вазифа бажарилганку , яна тиклаймиз, яна пул ажратамиз, дейилади қилт этмай.
@the_bakiroo
- https://t.me/trolluz/7721@trolluz