Яширин иқтисодиётни камайтиришга хизмат қилмайдиган чоралар ҳақида
Бугун эълон қилинган Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида фармон лойиҳаси, назаримда, кўпчилик анчадан буён кутган ҳужжатлардан бири.
Гарчи фармондан мақсад яширин иқтисодиётни камайтириш деб кўрсатилган бўлса-да унинг айрим бандлари тескари - яъни яширин иқтисодиётни камайтиришга эмас, оширишга хизмат қилиши мумкин.
Масалан, ўзини ўзи банд этувчи шахслар енгил автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолиятини мобил иловалар – агрегаторлар орқали амалга оширганларида олинган даромадларга ижтимоий солиқни тўлаш билан бир қаторда жисмоний шаҳслардан даромад солиғи белгиланган тўлов ставка бўйича олинган даромад суммаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда солиқ солинади. Тўғри, агрегаторлардан фойдаланган таксистлар мижоз топишда устуворликка эга ва табиийки кўпроқ тушумга эга бўлишади. Лекин ҳозирги босқичда бу тоифа таксистлар бўйнига бира тўла иккита солиқни юклаш ҳаддан зиёд ортиқ юклама. Бу билан агрегаторлар тоифасини ўлдириб, ҳозир агрегатлар билан ишлаётганларни ҳам хусусий таксистлар қаторига ўтиб кетишига туртки берамиз. Назаримда, мазкур тоифани даромад солиғи белгиланган тўлов ставканинг 50%и миқдорида солиққа тортиш етарли.
Фармоннинг 1 г ва е бандларининг маъмурчилиги уларни назорат қилмагандаги йўқотишлардан қимматроққа тушиши мумкин.
2021 йил 1 январдан бошлаб божхона тўловлари олинмайдиган халқаро курьерлик жўнатмаларида жисмоний шахснинг манзилига келиб тушадиган товарларни республикага олиб киришнинг энг юқори меъёрини, бир календарь чоракда биринчи қабул қилинганда, 1000 AҚШ долларидан 200 AҚШ долларигача тушириш ва брутто оғирлиги 10 килограммдан ошмаслиги таклифи эса яширин иқтисодиёт улуши ва хажмини тўғридан тўғри оширади. Нега давлат ўз халқининг яхши товарларга бўлган танловини бунчалар чеклайди, протекционизмга бунчалар ишонч ва ташналик қаердан? Мен тушунмайман.
Солиқ органларининг автоматик электрон сўровлари асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг омонатлари, кредитлари ва банк ҳисоб рақамларидаги пул айланмалари тўғрисида маълумот тақдим этилиши банди амалдаги қонунчиликка мос эмаслигини ва бу зарарли оқибатларга олиб келишини базавий иқтисодий маълумотга эга бўлганларга тушунтириш шарт эмас бўлса керак.
Фармон лойиҳаси билан танишинг ва фикр билдиринг. Четда турманг.
@the_bakiroo