Параллель Ўзбекистонга қисқа саёҳат
"Гўштнинг нархи 60 мингдан ошмасин. Суяксиз гўшт сотаётганлар нархни ошириб юбораяпти. Лаҳм гўшт сотиш энди йўқ. Супермаркетлар ҳам лаҳм гўшт сотмасин. Лаҳм гўшт сотганни, керак бўлса, супермаркетларниям ёпамиз", деган топшириқни эшитган маслаҳатчилар, ҳукумат аъзолари ва ҳатто ўзгача ақл соҳиблари бўлса ҳам ҳокимлар бу топшириқ самарасиз эканини, нарх назорати акс натижалар беришини жуда яхши билганлар. Лекин жимгина сукут сақлашни, эртасига тв ва камералар қаршисида ўнлаб югурдак шотирлари билан билан бозорда қоровулчилик қилишни маъқул кўрганлар. Бу тинч йўл. Лекин аслида хиёнат, халққа, солиқ тўловчиларга ва сайловчилар сайлаб қўйган Гарантга ҳам.
Аслида ҳамма адашади, ўша маслаҳатчилар, ҳукумат ва вазирларнинг вазифаси топшириқлар хато кетса, корректировкалаш аслида. Мундоқ мантиқан ўйлаб қарасангиз, битта одам барча ҳақиқатларни билса, бизга маслаҳатчилар армияси, ҳукумат ва вазирларнинг нима кераги бор?
Идеалда ва параллель реалликда нима бўлиши керак эди? Идеалда ва параллель Ўзбекистонда ушбу топшириқни эшитган вазир-у аъзам ёки доно маслаҳатчи туриб, "Жаноб, сиз қўяётган вазифа - гўштни арзонлаштириш лозимлиги аслида тўғри, биздан фарқли ўлароқ халқни ўйлаяпсиз, халқ дарди билан куймоқдасиз, лекин таклиф этилаётган нарх назорати инструментини, рухсат берсангиз, бозорни тушунадиганлар билан сал ўйлаб кўрсак, қанчалар самарали бўлар экан, зарари ва фойдасини чамалаб кўрсинлар. Ўтган сафар ақлсизлик қилиб нархларни 40 минг сўм билан чегаралаганимизда, бозорга эшак гўштлари ҳам чиққанди, ўлган мол гўштлари ҳам реализацияга қўйилган, охир-оқибат, нарх олдингидан ҳам баландроқ даражага чиқиб олган", дейиши керак эди. Ишончим комилки, ушбу сўзларни эшитган Жаноб вазиру-аъзам ёки маслаҳатчининг калласини олмасди, катта эҳтимол билан раҳмат ҳам айтарди ва амалда ишлайдиган, маъмурчилиги қимматга тушмайдиган, бозорни, таклифни раҳбатлантириш устида топшириқлар янграган бўларди.
Келинг, идеалдан ва параллель реалликдан яна ҳаётга қайтамиз.
Менга таскин берадигани шуки, маслаҳатчилар, ҳукумат аъзолари ва ҳатто ўзгача ақл соҳиблари бўлса ҳам ҳокимлар янги топшириқ тушса, эски топшириқни шу заҳоти унутадилар. Умид қиламанки, яқин 10-15 кунда янги топшириқ янграйди ва муваффақият билан гўшт нархи назорати кампаниябозлиги унутилади. Саналганлар қассоблар олдидаги пойлоқчилик постини масалан, роддомларга ёки қариялар уйларига алмаштирадилар.
Лекин ўтган 2 ҳафта ўзининг таъсирини ўтказмай қолмайди, фермерлар, таъминотчилар, савдо тизими ва қассоблар 2 ҳафталик йўқотишлар ва келажакда ҳам эҳтимолий рискларини гўшт нархига қўшадилар ва биз ноябрь ойи бошида гўшт нархини гўшт кампаниясигача бўлган 60-80 минг оралиқда эмас, 80-100 минг сўм оралиқда кўрамиз.
Унгача сабр!
@the_bakiroo