Кичкина ҳийладан катта ёлғонгача
ŠKODA Kodiaqни Ўзбекистонга импорт қилиб сотаётган Ўзавто ва унинг боласи "Жиззах автомобиль заводи" МЧЖ кичкина ҳийлаи-шаръий ишлатипти. Ҳозир бу реклама материалига қатор телеграм каналлар ва электрон ОАВларда кўзингиз тушаётган бўлиши табиий.
ŠKODA Kodiaq нархларининг Россияда сотилаётган ŠKODA Kodiaq нархларига солиштириб, нархлар бир хил дейиш учун 1 долларни 10500 сўм ва 75 рубль деб кўрсатишган. Бу тўғридан тўғри ўқувчилар ва истеъмолчиларни чалғитиш аслида. Чунки, масалан, бугунги савдоларда 1 доллар 10365 сўм ва 76,5 рублни ташкил этган.
1 доллар ўзбек сўмида ҳали 10500 сўмга умуман чиққани йўқ. 1 доллар 15 сентябрдан буён 75 рублга тушгани йўқ!
Агар Ўзавтонинг тўқима курсларини эмас, реал курслардан фойдалансак, ŠKODA Kodiaq Style қуйида расмда кўрсатилганидек эмас, Ўзбекистонда 38495 доллар, Россияда эса 37031 доллар доллар экани маълум бўлади. Яъни фарқ 328 доллар эмас, 1464 долларни ташкил этади.
Майли, танловдан маҳрум қилинган ўзбекистонликлар Ўзавтонинг бунақа ёлғонларига кўникиб кетишган. Қолаверса, катта ёлғонлар олдида бунақа майда ёлғонга қўл силтаса ҳам бўлади.
Катта савол шуки, Польшадан масалан 25000 доллардан импорт қилинадиган ŠKODA Kodiaq агар Ўзбекистон қонун-қоидалари бўйича барча импорт божлари ва утилизация йиғимлари тўланганида эди, 38495 доллар эмас, қиймати камида 47000 доллар атрофида бўларди. Шундаям агар Ўзавто бир сўм ҳам ўз фойдасини қўймаса!
И-я, нега бунақа дейсизми? Чунки Ўзавто импорт божи ва утилизация йиғимини тўламасдан, фарқини фойда сифатида ўзлаштираётган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Дарвоқе, бу ҳақда бир гуруҳ депутатлар Ҳукуматга сўров ҳам йўллашган.