Банк ва филиаллар бошқарувчилари учун енгилликлар
Ўтган ҳафта моддий жавобгар шахсларнинг биометрик белгиларини идентификация қилиш имкони бўлса пул омбори эшигини очиб-ёпиш вазифаларини банк бошқарув раисининг буйруғи билан банк бошқарувчиси ўринбосари зиммасига ҳам юкланиши мумкинлиги борасида ўзгартириш киритилаётгани ҳақида эшитганимда ишонмагандим.
Чунки 2020 йил 19 майда қабул қилинган 5997- сонли Фармонга кўра, қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2021 йил 1 январгача идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилган эди.
Маълум қилишларича, ўзгартириш ва қўшимчалар бундан мустасно экан.
Хуллас, 22 октябрдан бошлаб Банк филиаллари бошқарувчилари билан бир қаторда, агар Бошқарув раисининг тегишли буйруғи расмийлаштирилган бўлса, бошқарувчи ўринбосарлари ҳам касса пул омборини очиб-ёпишлари мумкин. Фақат бунинг учун пул омбори биометрик идентификация воситалари билан жиҳозланган бўлиши даркор.
Умид шуки, ушбу енгилликлар бошқарувчиларни ўзиники қилиб олган маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан ҳам, бошқарувчиларнинг ўзлари тарафидан ҳам суистеъмол қилинмайди.
Ҳужжатда касса иши билан боғлиқ яна ўнлаб ўзгартиришлар мавжуд. Масалан, энди касса журналлари, бланк ва варақалар электрон тартибда юритилиши (161- шаклдаги китоб мустасно) ва касса жараёнларида ҳужжатлар айланиши автоматлаштирилиши мумкин.
Пул муомаласи ва касса ишига таалуқли мутахассислар имкон топиб, ҳужжатни батафсил ўрганиб чиқишлари зиён қилмайди.