11K39Telegramda ochish

Shahnoza Soatova blogi kanalidan

bakiroo "Мирзакалон Жўраевни фанатик ақидапарастлар ўлдириб кетишган дейишади" деб ёзибди. Раҳматли Мирза акани шахсан яхши танир эдим. Шунинг учун у кишининг ўлими тафсилотларига аниқлик киритиш баҳонасида шахси ҳақида ҳам билганларимни айтгим келди. 2005 йилда биз Мирзакалон Жўраев билан бир лойиҳа устида ишлардик. Яъни жаҳон адабиётининг дурдона асарларини (камида 100 тасини) босқичма-босқич аслиятдан ўзбек тилига ўгиришни ният қилгандик. Бу лойиҳа амалга ошса, ўзбек тафаккури бир неча ўн йиллар олдинга сакрайди, яъни аҳамияти шу қадар буюк деб билганмиз (бунда ҳақ эдик, менимча). Мирза ака лойиҳа раҳбари эди, пулини ўзим топиб бераман деганди. Биз у кишининг далдаси билан бир гуруҳ ёш энтузиастлар (Санжар Назар, Бобур Умаров ва мен) "Yoki" деган ижодий гуруҳ туздик ва газеталарга эълонлар бериб, кимда дурдона асарларнинг таржимаси бўлса, сотиб оламиз ҳамда таржимонларни ҳамкорликка чорлаймиз дедик. Сал олдинроққа кетиб айтиш мумкинки, ўша ҳаракатлар натижасида бир қанча асарлар кейинроқ "Akademnashr" нашриёти томонидан чоп этилди, фақат Мирза ака у кунларни кўрмади... bakiroo ҳақ. Мирзакалон Жўраев ўзи мансуб замон ва маконнинг одами эмасди, феномен эди. Иқтисодчи, тадбиркор, файласуф, библиофил-китобсевар ва ёзувчи. Дўстлари уни Мишкин, Князь дейишарди. Чиндан ҳам унда Достоевскийнинг қаҳрамонидан нималардир бор эди. Шу билан бирга ака ўзининг ёрқин фикрлари ва жўшқин феъли билан ҳар қандай давранинг марказига айланиб оларди. Айтишларича, битта учоқ баҳосига тенг кутубхонаси бўлган – нодир китоблар шу қадар кўп бўлган. Ўзи эса ўша китобларнинг ҳаммасини ўқиган эди! Унинг "Мажнун" романини бир нафасда ўқиб чиққандим, ака романида ўзини ифодаланганди, ўз ботинини очиб берганди, ўзини тушунтирганди (баъзан Мирза акани тушуниш осон эмасди). Мирзакалон акани фанатик ақидапарастлар ўлдирмаган. У оддий талончи-ўғриларнинг қурбони бўлди. Бу 2005 йилнинг сўнгги кунлари, Янги йил байрами арафасида содир бўлган, талончилар тунда уйида ўлдириб кетишган😢😢😢 Кейинчалик Санжар ака Назаров "Akademnashr" нашриётини очиб, ўз маблағлари ҳисобидан Жойс, Моэм, Борхес каби муаллифлар асарларининг аслиятдан таржимасини нашр этди. Бу ўша Мирзакалон Жўраев билан бошланган лойиҳанинг мевалари эди. Энди эса нашриёт Мирза аканинг асарлари тўпламини нашр қилмоқчи, яна нашриётлар учун шундай иқтисодий қийин замонда! Китоб чиқса, ўқисангиз, ўзбекнинг ҳеч бир дарсликларга кирмаган, адабиётшунослар назарига тушмаган, тафаккури миллий чегаралардан анча кенг, баланд асарлар ёзган бир адиби ўтиб кетганига амин бўласиз. Аллоҳ Мирзакалон Жўраевни ўз раҳматига олган бўлсин, яқинларига сабр берсин. Ўша ғояларга содиқ қолиб, бошланган ишни давом эттираётганларни Ўзи қўлласин! @shahnozxon

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin