Охирги икки йилда олиб борган шахсий кузатувларимга кўра, айни бир мавзедаги бирламчи бозор (тайёр ёки қурилиши тугалланиш арафасида) ва иккиламчи бозордаги уй-жойлар ўртасидаги нарх тавофути октябрь ойи бошида минимум даражага келди. Кузатувларим фақат иккита аҳоли кўп яшайдиган тумандаги объектларга таалуқли эканини айтиш жоиз.
Назаримда, мазкур ҳолат йил охиригача ва кейинги йилда ҳам сақланади, агарки ўзбекча реновация дастури ёки снослар фаоллашмаса, "прописка" режимида ўзгаришлар рўй бермаса ёки солиқчиликда жиддий ўзгаришлар содир бўлмаса.
Бир нарса аниқки, бундан буёғига аҳоли даромадларининг фаолроқ ўсиши кузатилмаса ёки бўлмаса "прописка" режими либераллашиши ортидан иккиламчи бозорда нархлар ошмаса, бирламчи бозорда нархларнинг ошишини кутиш қийин. Ўз-ўзидан бозор қоидаларига кўра бу бизнесда рентабеллик пасая боради ва сармоядорлар девелоперликдан пулларини бошқа бизнесга ўтказишни афзал кўра бошлайдилар.
Айтмоқчиманки, охирги уч йилда "прописка" режимида чекловларнинг мавжудлиги девелоперликда ишлаётган бизнес эгалари фойдасига ишлаган бўлса, энди бу чекловлар уларнинг зиёнига ишламоқда.
Бозор шунақа, ҳаммасини ўз жойига тушириб қўяди.