Кўпчилик сўраяпти: дастурда белгиланган прописка бўйича таклифлар кучга кирса, Тошкент шаҳри ва вилоятида бирламчи ва иккиламчи бозорда уй-жой нархи ошадими?
Авваламбор, ҳар қандай тақиқ бекор қилиниши билан боғлиқ ҳолатда спекулятив омил бир қалқиб чиқади. Лекин бу қисқа муддат давом этади холос.
Шу маънода, иккиламчи бозордаги нарх ўзгаришлари бўлса ҳам бу қонунчиликдаги ўзгаришлар расман амалга киргунча, унча юқори бўлмаган суръатларда давом этади. Ундан кейин эса бир муддат нархлар барқарорлашади.
Нега?
Чунки Тошкент шаҳри ва вилоятида уй-жой сотиб олишга қодир тўловга лаёқатли сегментнинг ўзи мамлакатда жуда юпқа ва сезиларли чегараланган.
Иккинчидан, тўловга лаёқатли сегмент Тошкент шаҳри ва вилоятида аллақачон уй-жой сотиб олиб бўлган. Ё бирламчи бозордан, 5%лик божини тўлаб, ёки қариндош-уруғи ва дўстлари номига расмийлаштирган ҳолда.
Учинчидан, уй-жой бозори шундай эластик сегментки, унга асосий таъсир этувчи омил - аҳолининг реал даромадлари ҳисобланади. Аҳолининг реал даромадларида сезиларли ўсиш кўраяпсизми? Мен кўраётганим йўқ.
Тўртинчидан, мамлакатда турли сабабларга кўра самарали ипотека бозори мавжуд эмас ва ҳали вери шаклланмайди (шахсий жамғариладиган пенсия ва хусусий пенсия фондлари, тиббий суғурта каби узун пулларни яратидиган механизмлар йўқлиги сабабли). Нарх-наво тенденцияси уй-жой бозорида ипотека орқали қизийди ёки ипотека йўқлиги туфайли совуйди.
Бешинчидан, прописка тақиқларининг бекор қилиниши уй-жой қурилишига ва урбанизацияга янги, соғлом ва қўшимча рағбат беради. Шу пайтгача уй-жой қурилишини прописка тақиқлари рағбатлантириб келган бўлса, энди бутунлай акси бўлади. Дастлабки вақтда спекулятив нарх ўзгаришларини уй-жой бозорида ўрта ва узоқ муддатда пайдо бўладиган қўшимча таклифлар етарлича компенсациялайди.
@the_bakiroo