43K230Telegramda ochish
Камбағал қатламнинг ОТМга имконияти ўрта таълимдаёқ қирқилмоқда 20 кунча муқаддам имтиёзлар зарари борасида kun.uz саволларига жавоб бергандим. "ОТМларга кириш бўйича имтиёзларнинг мавжудлиги худди бошқа иқтисодий соҳаларга, бозорларга кириш борасидаги имтиёзлар каби зарарлидир. Имтиёзлар билим олиш учун эмас, имтиёз олиш учун интилиш яратади. Бу соғлом рақобатни бузадиган бузғунчи омил. ИИВ, божхона ходимлари фарзандлари, қайсидир чекка ҳудудда туғилганлар учун имтиёз тақдим этилиши Конституция руҳига зид. Лекин билмадим, имтиёз тақдим этаётганлар, бу ҳақда қарор қабул қилганлар ёшликда қанақадир комплексларга эга бўлишган кўринади. Улар ҳаётда, ўқишда, бизнесда фақат имтиёзлар билан яшаб келишган. Олтин медал, комсомол йўлланмаси, партия тақсимоти - эски авлод вакиллари жуда яхши эслашади. Колхоз раислари, “партком”, “райком”, “обком”ларнинг фарзандлари, асосан, шу “тирқиш”лардан фойдаланиб келишган. Менимча, бугун ўша имтиёзларни ярата туриб, улар совет носталгияларини тикламоқдалар. ОТМларга, у хоҳ хусусий, хоҳ давлат тасарруфида бўлсин, қайсидир тоифанинг алоҳида тартибда ўқишга киришини таъминловчи имтиёзлар умуман керак эмас. Айтайлик, олимпиада ғолиблари, зулфиячилар ёки махсус мактаб битирувчилари нега имтиёз билан ўқишга кириши керак? Нима, уларнинг билими етарли эмасми? Рақобат билан ўқишга киришдан қўрқишса, улар қандай қилиб олимпиада ё “Зулфия” мукофоти танлови ғолиблари бўлишган. Қандай қилиб махсус мактабларга киришган ва ўқишган? Имтиёзлар ўрнини бизда стипендиялар, ОТМлар қошидаги фондларнинг грантлари эгаллаши лозим. Соғлом рақобатда ўқишга кирган талаба муваффақияти фақат шундай қўллаб-қувватланиши керак. Имтиёз асосида ОТМга ўқишга кириш эмас, ОТМда муваффақиятли ўқиш дастакланиши зарур. Камбағал оилалар фарзандларининг олий таълимга имкониятлари йилдан-йилга пасайиб бормоқда. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, агар мен ҳозир абитуриент бўлганимда, ўзим ўқиб тугатган ОТМга яқин йўлай олмасдим. Охирги 4 йилда ижтимоий тенгсизлик барча жабҳада ортди ва яна ортиб бормоқда. Хусусий ва элита ўқийдиган махсус мактаблар кўпайтирилган сари давлат мактабларида таълим сифати борган сари ёмонлашмоқда. Бу билан камбағал қатламнинг ОТМга имконияти ўрта таълимдаёқ қирқилмоқда. Яъни аввал бошдаги стартдаёқ камбағалларга ўта ёмон имкониятлар қолдирилмоқда. Олий таълимга ета олмаган ёшлар учун касб-ҳунар таълими бекорга киритилмаган эди. Албатта, унинг амалда қандай ишлагани бошқа масала. Такомилига етказиш ўрнига касб-ҳунар таълими тизими янги даврда бузиб юборилди. Ёмон бўлсада, ҳунарга, қанақадир малакага эга бўлган ёшлар ўрнига ҳеч қандай малака ва ҳунарга эга бўлмаганлар армияси пайдо бўлди ва бу қатламдан қутулишнинг ягона чораси сифатида уларнинг мардикорлар сифатида Россияга юборишни афзал кўришмоқда".

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin