Йўқолсин имтиёзлар!
Имтиёз ва истиснолар иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиши ва бюджет мувозанатини издан чиқаргани, тенгсизликни кучайтиргани, паразит монополиялар ва олигархиянинг ўзларининг фойдасига энг муҳим қарорлар қабул қилишда бевосита таъсир ўтказа бошлагани ва умуман инклюзивликни йўққа чиқаргани ҳақида кўп ёзилмоқда ва яна кўп гапирилади.
Лекин таълим тизимидаги имтиёзлар ҳақида уларнинг оқибатлари ўнйиллар ўтиб намоён бўлгани учунми, кўпинча умумий сукунат ҳукм суради. Балки бу кейинги йилларда сўралганки тоифага имтиёз тақдим этилгани туфайли шаклланган статус кво туфайлидир? Чунки кўпчилик одамлар нега уларга имтиёз бердинглар, имтиёзларни бекор қилинг, тенг имкониятлар яратинг, деган позицияда эмас, бизга имтиёз қани, бизгаям имтиёз, дейилса берилади, деган қарашларга кўникиб бўлди.
Шукрки, янги даврда шаклланган бу зарарли консенсусни қанақадир танқидчилар эмас, ҳукумат одами деб ҳисобланадиган Хушнудбек бузишга чақирмоқда.
Шахсан мен таълимда имтиёзлар жуда керак деб ҳисоблайман. Имтиёзларнинг мақсади фақат битта — имкониятларни тенглаштиришдан иборат бўлиши зарур. Хусусан, имтиёзлар ижтимоий сабабларга кўра доимий асосда фақат икки тоифага берилиши керак:
Ногирон ва имконияти чекланганларга;
Етим-есирларга. Бўлди.
Яна сиёсий сабабларга кўра, депрессив минтақаларда туғилганлар учун умуммиллий манфаатлардан келиб чиқиб, фақат чекланган муддат давомида имтиёзлар тақдим этилиши мумкин.
Қолганлар имтиёз олгани ёки сўрагани уялиши керак.
Тўрт мучангиз соғми, отангиз, онангиз кимлигидан қатъий назар, миллатингиз, жинсингизга қарамай, марҳамат қилиб, рақобатга киришинг. Курашинг. Ютинг. Ҳалоли бўлсин. Ютқазинг. Яна курашга киринг.
Қайд этилганлар ўрта таълимга ҳам, ўрта махсус таълимга ҳам, олий таълимга ҳам оид бўлиши ва албатта "Таълим тўғрисида"ги қонунда акс этиши керак (қарор ва фармонларда эмас).
- https://t.me/xushnudbek/20517@xushnudbek