Берилмаган саволлар ҳақида. Иккинчиси
Шу кунларда, айни аёз вақтида Тошкент шаҳри ва вилоятида АСКУЭ тизимини ишга туширишга уринишлар давом этмоқда.
Буни халқ тилида айтганда райэлектросетлар олдида йиғилган норози истеъмолчиларнинг дарди-фиғонидан ҳам билишингиз мумкин. Нега истеъмолчилар райэлектросет олдида тўпланган? Сабаби АСКУЭ ишга туширилиши билан улар тармоқдан узилган. Ва афсуски, истеъмолчиларнинг аксарияти ҳақдор бўла туриб тармоқда узилган ва узилмоқда.
Қандай қилиб дейсизми? Чунки эски ҳисоблагичлар ўрнига янгилар қўйилаётганида ҳеч қандай инвентаризация ва қайта ҳисобга киритиш амалга оширилмаган. Кимдир 200, 500, кимдир 1000 квт. энергия ҳақдорлиги бўлишига қарамай, янги ҳисоблагич электр ҳисобини нолдан бошлаган. Ва улар ҳақдор бўла туриб тармоқдан узилмоқда. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг бўлинмалари АСКУЭни ишга туширишдан аввал ҳақдорлик/қарздорлик масаласини ҳар бир истеъмолчи қирқимида инвентаризация қилиб чиқиш лозимлигини ҳаёлига ҳам келтираётгани йўқ.
Энг ёмони “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг асосий месседжи шуки, истеъмолчилар ишлатилган энергия ҳақини тўламаяпти ва шунинг учун электрда узилишлар бор. Бу қип-қизил ёлғон.
Амалда эса истеъмолчилар электр ҳақини аксарида ўз вақтида тўламоқда, шунга қарамай тармоқда электр суткалаб, соатлаб йўқ ёки доимий узилишлар давом этмоқда.
@the_bakiroo