Берилмаган саволлар ҳақида. Биринчиси
Айни дамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни амалиётини жорий этиш бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.
Агар тадбир эълон қилинган вақтда, соат 10:00да бошланганида қуйидаги саволларни беришга уриниб кўрган бўлардим.
Биринчиси. АСКУЭ ва электрон ҳисоблагичлар тизими 7 млн.абонентни қамраб олиши керак. Бу дегани бошқа ҳисоб, сервер ва назорат комплексларидан ташқари камида 7 млн.электрон ҳисоблагич сотиб олиш керак, дегани эди. Афсуски, 7 млн. электрон ҳисоблагични етказиш халқаро тендер ўтказилмай, “Elektron xisoblagich” МЧЖ ва “Toshelectroapparat" МЧЖга топширилди. Эътиборлиси шуки, масалан, “Elektron xisoblagich” МЧЖнинг ҳисоблагичлари Хитойнинг Holley Technology Ltd ҳисоблагичларидан умуман фарқ қилмайди. “Elektron xisoblagich” МЧЖнинг 60% улуши ҳам Holley Technology Ltdга тегишли. Holley Technology Ltdдан импорт қилинган ва гўёки “Elektron xisoblagich” МЧЖ ишлаб чиқараётгани айтилаётган ҳисоблагичлар ўртасида фарқ топиш қийин. Мамлакат раҳбариятида гўёки бу ҳисоблагичлар ўзимизда ишлаб чиқарилаётгандек таассурот қолдиришга уринишлар орқали бир неча юзлаб миллион долларларни ўзлаштиришга уринишлар, афсуски, биринчиси ҳам охиргиси ҳам эмас. Ўтган йили июль ойида битта ҳисоблагични ўрнатиш истеъмолчига 770 минг сўмдан тушаётганини айтишганди, бу ўша пайтдаги курс бўйича 92 долларни ташкил этган. Бозорда, айниқса халқаро бозорда айни параметрларга мос тушувчи 30-50 доллар оралиғида ўнлаб, юзлаб ҳисоблагич таклифларини топиш мумкин.
Импорт муқовасини ўзгартириб "маҳаллийлаштириш"дан, тендер ўтказмасдан триллионлаб сўмлик буюртмаларни эгаллаб олишдан мақсад нима ўзи? Каррасига қиммат кўринишда битимлар тузиш ва маблағлар ўзлаштиришми? Бу Ўзбекистонда нормами?
Кўп эшитаман, шунча гаплардан кейин нима ҳам ўзгарар эди дерсиз. Тўғри гап. Лекин жамоатчиликнинг, фуқароларнинг вазифаси шу - Муаммони кўтариш. Кейинги ҳаракатлар бошқа давлат ва назорат идораларида давом этиши лозим.
@the_bakiroo