Россия давлат ва олигархия капитализмининг архитектори ҳисобланган Анатолий Чубайс истеъфога чиқарилди
Кейинги 12 йил давомида "РосНано" давлат корпорациясини бошқарган Чубайс энди ишсиз ва катта эҳтимол билан Кремль унинг хизматига муҳтожлик сезмаяпти.
Бугунги Россиянинг иқтисодий ва молиявий мундарижаси ҳақида гап кетганда албатта Чубайс ва унинг хатолари эсланмаслиги мумкин эмас. Чунки бугунги Россиянинг шовинист, аламзада, қолган дунёни ядро қуроли билан қўрқитадиган катта Шимолий Кореясига айланиб қолишида Чубайснинг алоҳида хизматлари бор.
Айнан унинг "ваучерлаштириш" орқали хусусийлаштириш дастури миллионлаб россияликларни мулкдор бўлиш иллюзияси билан алдагани, "ваучерлар" мамлакатнинг бир аср давомида йиғилган бойликларини кам сонли олчоқлар қўлида тўпланиб қолишига олиб келгани, "гаров аукционлари" орқали эса мамлакат бир сиқим олигархларга арзонгаровга сотилганини, энергетика бозорини яратиш шиори остида ҳудудларни бўлиб олган маҳаллий монополистлардан иборат яроқсиз тизимни яратганини эсламаслик мумкин эмас.
Айнан Чубайс 90- йиллар ўрталарида ташқи қарз жамғарилиши мафкурачиларидан бири бўлган, 1998 йилги кризис юз беришини била туриб дефолтга йўл қўйиб берган ва сал қолса Россия ташқи бошқарув ихтиёрига ўтиш даражасига олиб келган, Ельциннинг энг шарманда сайловлар орқали иккинчи муддатга сайланишини, 1999 йилда эса Путин ва унинг ўғри дўстларига топширилишини таъминлаган ва шахсий хавфсизлик кафолатлари мувозанатини белгилаган асосий шахслардан бири у.
Аксарият сўровларда, бу сўровлар ўнг кайфият ё сўл кайфият ташаббускорлари томонидан ўтказилишидан қатъий назар, Чубайс номи респондентлар томонидан "ўғри", "муттаҳам" ёки камида "ислоҳотларни обрўсизлантирувчи" дея сифатланиб келади.
Мана бугун энди Чубайс ўзининг Кремлдаги шерикларига ҳам кераксиз ҳолда қолмоқда. Қон ҳидини олдиндан сезадиган коммунист Зюганов бугуннинг ўзида Чубайсга иш очиш ва қамоққа тиқиш лозимлигини айтмоқда.