17K55Telegramda ochish
Хорижий инвестициялар ва ташқи қарз ҳақида Марказий банк тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи бўйича 2020 йил 1 октябрь ҳолатига шарҳини эълон қилди. Шарҳдан ўрин олган икки муҳим жиҳатга қисқа тўхталиб ўтамиз. 2020 йилнинг ўтган 9 ойида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробардан зиёдга камайиб 1,1 млрд.долларни ташкил этган. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми бўйича Ташқи иқтисодий алоқалар ва савдо вазирлигининг рақамлари, Статситика қўмитаси маълумотлари ва бу бўйича жавобсиз қолаётган саволлар илгари кўп бора такрорланган. 2020 йил 1 октябрь ҳолатига Ташқи қарз миқдори 29,3 млрд.долларга етгани борасида бошқа манбалар орқали ҳам хабардор бўлсангиз керак. Лекин Ҳукумат манбаларида асосан Давлат ташқи қарзи миқдори ва унинг мундарижасига эътибор қаратилиб, хусусий ташқи қарз таркиби гўёки четда қолаётгандек. Марказий банк маълумотига кўра, хусусий ташқи қарз ҳам шиддат билан ўсиб бормоқда ва йил давомида қарийб 2 млрд.долларга ортиб, 10,6 млрд.долларга етган. Гарчи умумий стандартлар бўйича хусусий қарз дейилса-да, Ўзбекистон мисолида ушбу қарзлар ҳам асосан давлат ва давлат назорати остидаги банк, нефт-газ ва телекоммуникация сектори субъектларининг жалб этаётган қарздорликларидир. Масалан, 9 ой ичида мутлақ назорати давлат қўлида бўлган Банк секторининг қарзи 2 млрд.долларга ошиб, 5 млрд.долларни ташкил этган. Бошқарув сифати ўта сифатсиз бўлган нефт-газ ва энергетика сектори, ҳалигача давлат назоратида қолаётган банк сектори бўйича қарзларга хизмат кўрсатиш юки охир-оқибатда барча ўзбекистонликларга сезилади. Хусусан тарифларнинг оширилиши, сифатнинг пасайиши ёки давлат/бюджет томонидан мажбурий қўллаб-қувватловлар орқали. Шундай экан, Ўзбекистон мисолида ташқи қарз ҳақида гап кетар экан, давлат ташқи қарзи билан бирга "хусусий" дея аталувчи қарз динамикаси, тенденцияси ва мониторинги ўта муҳим аҳамият касб этишини назардан четда қолдирмаслигимиз лозим. Бу ҳақда ОАВ, жамоатчилик ҳар куни, тинимсиз гапириши, кун тартибидан масалани туширмаслиги зарур. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin