18K108Telegramda ochish
Тошкент шаҳри облигацияларининг потенциал инвесторларига мурожаат 2021 йилнинг 1- чорагида Тошкент шаҳри ҳокимияти еврооблигациялар чиқариш орқали 500 миллион доллар ташқи қарз жалб этмоқчи. Шу ўринда ушбу облигацияларни сотиб олишни режалаётган инвесторлар қатор маълумотларни билиб қўйгани яхши. Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига кўра, Ўзбекистон Республикаси вилоят ва шаҳарлари қарз жалб қилиши тақиқланган. Тошкент исталган навбатдаги легитим ҳокими ушбу қарздорликни тан олмаслик ҳуқуқига эга. Сиз қонунга зид ҳаракат билан боғлиқ шундай таваккалчиликка борасизми? Иккинчидан, амалдаги Тошкент шаҳри ҳокимини ҳеч ким сайламаган, у Тошкент шаҳри аҳолиси кайфияти ва хоҳишларини ўзида ифода этмайди ва эта олмайди ҳам, ҳоким қўл остида ва унинг шахсий манфаатлари доирасида шаклланган шаҳар Кенгаши мустақил вакиллик органи эмас. Тошкент аҳолиси пойтахт маъмурияти ташқи қарз жамғарилишига тиш-тирноғи билан қарши. Сиз Тошкент облигацияларини сотиб ола туриб Тошкент шаҳри аҳолиси хоҳиш ва иродасига қарши бораётганингизни ўзингиз учун қабул қиласизми? Учинчидан, Тошкент маъмурияти ўзи тан олиб турипти, облигациялардан тушадиган маблағлар тижорий компанияларнинг лойиҳаларига йўналтирилади, лекин бу лойиҳалар қандай лойиҳалар эканини, қарангки, ўзлари ҳам билмайди. Бу очиқланмаётган айёрликни сизга тушунтириб ўтириш ҳожати бўлмаса керак. Тошкент шаҳри номи билан жалб этиладиган облигациялар катта эҳтимол билан пойтахтнинг амалдаги ҳокими билан аффилланган бизнес лойиҳаларига йўналтирилади, худдики ҳозирда Тошкент шаҳрида қайси йирик давлат буюртмаси бўлса, барчасини ҳоким ва у билан аффиланган тузилмалар ўзлаштираётгани сингари. Қўпол қилиб айтганда, қарз шаҳарники, мазаси ҳокимники бўлади. Сиз шуни қабул қиласизми? Тўртинчидан, сиз халқаро суриштирувларда эълон қилинган материаллар орқали Тошкент шаҳрининг амалдаги ҳокими маблағлари келиб чиқиши, орттирилган бойлиги ва давлат/бюджет маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ лойиҳаларидан хабарингиз бўлмаслиги мумкин эмас. Албатта, бу жараёнлар ва ҳаракатлар ортида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўзига хос саволли репутацияси жамланган. Сиз очиқ, шаффоф ва масъулиятли инвестор ўлароқ, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўзига хос репутациясини ўзингиз билан боғланган ҳолда тақдим этилишини қабул қиласизми? Сизнинг акциядорларингиз, Кенгашингиз бундай репутация орқали олинадиган даромадларга рози бўладими? @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin