15K81Telegramda ochish
Айни дамда Бош вазир ўринбосари, Молия вазири ва Марказий банк раиси иштирокида, бир стол атрофига онлайнда ва офлайндаги экспертлар, иқтисодчилар, рейтинг агентликлари вакиллари, журналистлар ва блогерларни жамлаган Мунозара платформасида жуда қизиқарли суҳбатлар ўтмоқда. Сўзга чиқувчилар, саволлар жуда кўп. Менда мавзуга оид учта истак савол мавжуд эди. Бир неча дақиқадан кейин тармоқдан чиқишга тўғри келиши сабаб уларни шу ерда ёзиб қолдираман: 1. Кўп муҳокама қилинганига қарамай Ташқи қарз самарадорлиги фақат унинг ҳажми ва улушига боғлиқ эмас. Айрим давлатлар учун ҳатто ЯИМнинг 25%и миқдоридаги қарз ҳам хавфли, айрим давлатлар учун 125% ҳам қўрқинчли эмас. Шу маънода жалб қилинган ташқи қарзнинг ўзлаштирилиши шаффофлиги ва очиқлигига кўпроқ эътибор қаратиш керак бўлади. Масалан, 3 йил аввал ОТБдан Тошкент вилояти Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 120 млн.доллар қарз олинган. Шу пулнинг қанчаси ўзлаштирилган, ким буюртмачи, ким пудратчи, ким субпудратчи - номаълум. Санаб ўтилган туманларда уч йил аввал сув таъминоти борасида қандай муаммолар бўлган бўлса, ҳалиям шу муаммолар бор. Яъни, ташқи қарз бўйича нафақат жалб қилиш борасида, балки ишлатилишида ҳам очиқликни ошириш керак. Шундагина жамоатчилик таъсири ва босими, назорати остида сифат шакллана бошлайди. Шундагина ташқи қарз янги бойлар пайдо бўлишида эмас, кенг аҳоли қатлами турмуш даражасида акс этади. 2. Кеча тасодифан кўзим тушиб қолди: Тошкент шаҳар ҳокимияти Франция тараққиёт агентлигидан ҳукумат кафолати остида 200 миллион доллар жалб қилишни режалаштирмоқда экан. Қарзлар йўл инфратузилмаси, хусусан бекатларни янгилашга ишлатилар экан - ўзингиз тушунгандирсиз. Бизда токи ҳокимликлар сайланмас, ҳисобдор бўлмас экан уларга ҳукумат кафолати остида қарз жалб қилишга асло йўл бериб бўлмайди. Демак, бундан канални бутунлай чеклаш лозим. 3. Агар давлат ташқи қарз портфелини кўрсангиз, уларнинг айримлари хусусий манфаатлар учун жалб қилингани ва хусусий манфаатлар учун ҳукумат кафолати берилганини кўриш мумкин (Тошкент металлургия заводи, Қўнғирот сода заводи кейсига қаранг). Кризис вақтида ва умуман ундан кейин ҳам давлат ташқи қарзини асло хусусий манфаатлар учун жалб қилиш ва бу борада ҳукумат кафолатларини тақдим этиш мумкин эмас, назаримда. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin