Ташқи қарзнинг ҳисобдорлиги, самарадорлиги ва ҳатто мундарижаси борасида саволлар жуда кўп ва улар берилаверилиши керак
Миркомил Холбоевнинг кеча ва бугун (1, 2) ташқи қарз ва давлат қарзининг ўсиши борасидаги келтираётган мулоҳазалари жуда ўринли.
Мана бундай баҳсли чиқишларга нисбатан изоҳ ва тушунтиришлар аслида давлат органлари томонидан амалга оширилиши керак. Майли, ҳозирча буни Миркомил қилаяптими, Миркомилга раҳмат, қолаверса, Миркомилга ишонч ҳам бор.
Айни пайтда, кенг жамоатчиликда ҳам, чуқур халқ қатламларида ҳам ташқи (давлат) қарзининг ўсаётгани борасида хавотирлар кучайиб бораверади, ҳатто фитна назариялар урчийди. Нега?
Биринчидан, ташқи (давлат) қарзи ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ҳисобдорлик йўқлигича қолмоқда. Бу бўйича қонун нормалари ишламаяпти. Ишлатилмаяпти.
Иккинчидан, ҳисобдорлик бўлмагач, ташқи (давлат) қарзи ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг самарадорлиги масаласи иккинчи даражалига айланмоқда (маълумот йўқми, савол йўқ). Ўзбекистонликлар кўр эмас, кар эмас, энергетикадан тортиб транспортгача бўлган соҳаларда қарзлар ошаётганини тарифлар ошаётгани билан боғлай олишмоқда. Ҳатто шу даражага етилдики, энди тарифларни белгилашда ўтмишдаги зараркунанда лойиҳалар эмас, келажакдаги самарасиз лойиҳаларнинг қиймати ҳам қўшиладиган бўлмоқда. GTL завод учун, Бойсун учун, МТО завод учун, Тошкент металлургия заводи учун, Ангрен шина заводи-ю, Деҳқонобод калий заводлари қарзи учун, саноқсиз қимматлаштирилган пудратларга ким ва қачон жавоб бердики, истеъмолчилар хавотир олмасин?
Учинчидан, бир неча йилдирки, ташқи қарзнинг ҳатто мундарижаси ёпиб қўйилган. Қарзнинг асосий қисми, давлат эмас, корпоратив ташқи қарз дея хаспўшланади. Лекин қани, корпоратив ташқи қарзнинг таркибини очинглар. Давлат банклари ва давлат компанияларининг қарзи давлат қарзиникидан ҳам кўпроқ хавотирли эканини давлат қўллови важини дастак қилган ва аллақачон кооптацияга дучор бўлган рейтинг компаниялари "билмас", лекин ўзбекистонлик истеъмолчилар жуда яхши билишади. Давлат банки ва давлат компаниясидаги шотирларнинг масъулиятсизлиги ва коррупциогенлиги вазирларникидан ўн чандон ёмонроқ.
Тўртинчидан, давлат қарзини ўстириш имконияти мавжудлигида тийувчи институтлар заифлигича (аниқроғи йўқлигича) қолаверар экан, фискал интизомсизлик авж олаверади. Пандемиядан кейинги йилларда бирон бир йил йўқки, аввалбошдан тасдиқланган бюджет харажатларига қаноат билан кира олган бўлсак. Бу тенденция солиқ юкини ва қамровини ошириш томон ҳаракатларга етакламаслиги мумкин эмас. Йўқ, солиқ тушумларини олигархия ва чўнтакларга берилган саноқсиз ва ёпиқ имтиёзларни бекор қилиш билан амалга ошмайди. Бу айнан қарор қилишга таъсири ва вакиллиги йўқ истеъмолчилар ва кичик бизнесга босим ва юклама ортиши билан юз беради. Жараён эса аллақачон бошланган.
Шундай экан, ташқи (давлат) қарз борасида саволлар, улар қанчалик ақлсиз ва ваҳимали кўринса-да берилавериши керак. Давлат органларининг вазифаси бу саволларга жавоб бериш. Тоқат билан жавоб бериш. Батафсил ва очиқ жавоб бериш. Чунки давлатнинг пули йўқ бўлганидек, давлатнинг қарзи ҳам йўқ. Давлатнинг пули бу солиқ тўловчиларнинг пули, давлатнинг қарзи бу солиқ тўловчиларнинг қарзи.
- https://t.me/Mirkonomika/2819@Mirkonomika
- https://t.me/Mirkonomika/2820@Mirkonomika
- https://t.me/Mirkonomika/2821@Mirkonomika
- https://www.youtube.com/watch?v=j2aer3ZmVhQyoutube.com
- https://t.me/the_bakiroo/11719@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/11839@the_bakiroo