Ўзбекистон Ялпи ташқи қарзи 2024 йилда рекорд даражада ўсган
2024 йилда Ўзбекистон ялпи ташқи қарзи 10,8 млрд.долларга ўсиб, 64,1 млрд.долларга етган. Ўтган йил давомида ялпи ташқи қарз 10,8 млд.долларга, шундан корпоратив (хусусий) ташқи қарз 6,6 млрд.долларга, давлат ташқи қарзи эса 4,2 млрд.долларга ўсган.
2024 йилда ялпи ташқи қарзнинг ўсиши мутлақо тарихий рекорд ҳисобланади. Солиштириш учун, Ўзбекистон янги даврни 14,7 млрд.долларлик ташқи қарз билан бошлаганди (8 йилда 4,4 карра ўсиш).
Кейинги йилларда давлат ташқи қарзи ўсиши бироз секинлашгани фонида, корпоратив дейилган хусусий қарзнинг ўсиши кескин тезлашгани эътиборли. Ўзбекистонда корпоратив қарз аслида давлат банклари ва компаниялари томонидан жалб қилинмоқда. Жалб қилинган қарзлар йўналтирилаётган лойиҳаларнинг самарадорлиги ва истиқболда қарзга хизмат кўрсатиш даражасида етарли пул оқимларини генерация қила олиши сўроқ остига олинаётгани ва текширувлардан ўтказилаётгани йўқ. Айнан юқори даражада ўсган ташқи қарз оқимига қарамай, ясалган лойиҳалар кутилган натижа ва самара бермагани энергетикада таннархнинг тинимсиз шиширилишига олиб келганидан, афсуски, хулосалар чиқарилгани йўқ.
S&P рейтинг агентлиги умумий ташқи қарз ва давлат қарзининг юқори суръатлар билан ўсиши, ташқи қарз ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича кутилаётган натижаларга эришилмаслиги туфайли фискал ва тўлов баланси бўйича хатарлар юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.
Марказий банк 2022 йилдан буён биринчи марта ялпи ташқи қарз динамикасини очиқлай бошлаганини эътироф этиш керак (қарз таркиби ва мундарижасининг очилишини ҳам кутиб қоламиз).