Ташқи қарзимиз ўсиши янада тезлашган ва 68,4 млрд.долларга етган
2025 йил 1- чорак якунлари бўйича Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз ҳажми 68,4 млрд долларни ташкил қилиб, шундан давлат ташқи қарзи ҳажми 35,8 млрд. долларга ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 32,6 млрд долларга тенг бўлган.
Охирги 3 ойда ташқи қарз қолдиғи 4,3 млрд.долларга ўсган (давлат ташқи қарзи +1,9 млрд.доллар, корпоратив ташқи қарз +2,4 млрд.доллар). Аввалги чоракдаги (2024 йил 4- чораги) ташқи қарз ўзиши 3,9 млрд.дан иборат бўлганди.
2024 йил 1- чораги билан солиштирганда, яъни охирги 1 йилда ташқи қарз қолдиғи 14,9 млрд.долларга кўпайган (давлат ташқи қарзи +6,2 млрд.доллар, корпоратив ташқи қарз +8,7 млрд.доллар).
Ўзбекистон мисолида корпоратив ташқи қарз асосан самарасиз давлат компаниялари ва банкларининг қарзи ҳисобланади ва бу қарз жуда юқори тезликда ўсмоқда. Жамғарилаётган ташқи қарзлар ҳисобидан молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг самарадорлиги ва қайтими (истиқболда қарзга хизмат кўрсатиш даражасида етарли пул оқимларини генерация қила олиши) бўйича жуда кўп саволлар очиқлигича қолмоқда.
Қарзлардан самарасиз фойдаланиш, у фарқи йўқ, бюджет ўзлаштириш орқалими ё зараркунанда ва шиширилган лойиҳалар воситасидами, халқ чўнтагига бевосита таъсир кўрсатади. Ошаётган давлат қарзи солиқларнинг ўсиши, жамғарилаётган корпоратив қарзлар эса тарифларнинг қимматлашиши ҳисобига ўзбекистонликлар гарданига юкланади (буни ўзингиз охирги пайтларда сезаётгандирсиз).