Масъулиятсиз давлат компанияларининг янги қарзлари бу эртага тарифлар ва солиқларнинг яна ошиши дегани
2025 йилнинг ўзида корпоратив дейилган, аслида давлат компанияларининг қарзлари давлатнинг ташқи қарзидан ўтиб кетади.
Ўз билан бошланадиган давлат компаниялари фарқи йўқ, у темир йўлларидами ё ёқилғи энергетикасида, олинаётган қарзларнинг самарали лойиҳаларга йўналтирилиши ҳақида қайғурмайди. Уларга фарқи йўқ, пул оқими қиммат қарзларни ва фоиз мажбуриятларини қоплашга етадими, етмайдими. Уларнинг фақат топшириқ бажарадиган примитив раҳбарлари биладики, эртага қарз ёпилмаса ё тарифларни ошириш ёки давлатдан молиявий ёрдам сўраш мумкин (бу солиқлар ошади дегани). Айрим компаниялар қарзларни ёпишнинг “дўппи кийдириш” усулига аллақачон ўтиб бўлишган (эски, узоқ муддатли ва арзонроқ қарзларни янги, қисқа муддатли ва қиммат қарзлар билан ёпиш).
Айтайлик, Ўзбекнефтегазнинг аввалги 700 млн.долларлик бонди қайси лойиҳаларга йўналтирилди ва уларнинг самараси қани, генерация бўлган пул оқими қани, деб кимдир сўрадими? Қонун бўйича кимдир ҳисоб берадими?
Шунинг учун зараркунанда, самарасиз ва масъулиятсиз давлат компанияларининг қарз ва кредитлари бўйича чеклов ва мезонлар ўрнатиш пайти аллақачон келган. Балки давлат компаниялари учун қарз лимити белгиланар? Мен билмайман, буни ким қилади? Марказий банкми ё бошқа регулятор?
Биз аллақачон аввалги йиллардаги самарасиз ишлатилган ва совурилган қарзларнинг товонини ошган тарифлар ва ошган солиқлар кўринишида чўнтагимиздан тўлаяпмиз.
Яна тўлаймизми?
- https://t.me/the_bakiroo/9828@the_bakiroo