Ўзбекистонликлар Ўзбекнефтегаз кредиторларидан кўра кўпроқ хавотирланишлари керак
Чунки қарз мажбуриятларнинг потираб ўсиши, қимматлашиши, қарз юкининг ортиши, бу йилга тўғри келадиган сўндиришлар ҳажми , эски қарзларнинг янги, лекин қиммат мажбуриятлар билан қопланиши фонида молиявий ҳолатнинг кескин оғирлашиши шароитида монополистга давлат ёрдамга келиши мумкин. Давлат ёрдамга келди дегани, бу қанақадир шиширилган янги лойиҳалар ўйлаб топиш орқали бўладими, капиталга пул киритишми ё бошқа схемами, Ўзбекнефтегазнинг қарзлари солиқ тўловчилар ҳисобига сўндирилади, дегани аслида.
Ўзбекнефтгазнинг охирги 2 йилдаги ёмон молиявий натижалари, унинг аянчли динамикасидан компания Кузатув кенгаши хабардорми ёки йўқми билмайман. Нимагадир, охирги ойларда Кузатув кенгаши аъзолари ҳақидаги маълумот ёпиб, яшириб қўйилган. Нима бўлгандаям, таркибида ҳукумат аъзолари ва балки бир неча юз минг долларга ёлланган мустақил аъзолар мавжуд Кузатув кенгашида, агар эртага монополистнинг қарз юкини ўзбекистонликлар бўйнига осиш режалари бўлмаса, фавқулодда экономия ва кризис бошқаруви режимига ўтиши керак.
Аслида ўзбекистонликларга тегишли бўлган Ўзбекнефтегазнинг актив ва конлари чайилиб, олигархларга совға қилингани етмаганидек, пудрат қироллари чўнтагини тўлдирган зараркунанда лойиҳалар, қимматлаштирилган буюртмалар ва самарасиз бошқарув ҳисобига тўпланган қарзлар ўзбекистонликлар бўйнига илинмаслиги лозим.