25K162Telegramda ochish
Тиззасигача, белигача, бўғзигача: Ўзбекнефтегазнинг қарзи ошишда давом этмоқда Ўзбекнефтегазнинг қарз ва кредитлари 2024 йил якунларига кўра 42,8 трлн.сўмга етган (+1,5 трлн.сўм). Қарзларнинг катта қисми 13,5 трлн.сўми жорий, яъни қисқа муддатли (ўтган йили 8,7 трлн.сўм эди). Яъни монополист жорий йилда шунча қарз танини ёпиши керак ёки янги қарз олиб, қайта молиялаштириши лозим (нима учун отнинг калласидек фоизларда 850 млн.долларлик евробонд жойлаштирилгани тушунарлидир). 44,8 трлн.сўмлик қарз ва кредитлардан ташқари яна ўта қиммат шартлардаги Air Products ва ўзимизни газимизни ўзимиз қиммат сотиб олишдан шаклланган Ўзтрансгазга оид 14,6 трлн.сўмлик мажбурият осилган. Аудитор компаниянинг жорий мажбуриятлари жорий активларидан 15,5 трлн.сўмга ошиб кетганига эътибор қаратган (бир йил аввалги фарқ 5,9 трлн.сўм эди). Молиявий дисбаланснинг янада оғирлашуви аудитор ҳисоботида хусусан, Ўзтрансгаз қарзларини Ўзбекнефтегаз бўйнига илиниши билан изоҳланган. Аудитор худди рейтинг агентлиги сингари монополист зарурият туғилганида ҳукуматдан ёрдам олиши мумкин, деган заиф иддаони илгари сурган ва далил сифатида 2024 йилда ФРРУдан 100 млн.доллар қарз олганини келтирган (мақсади очилмаган, маъноси кэптив лойиҳалар учун пул чиқариб беришдан иборат бу каби молиялаштириш схемалари қораланиш ўрнига аудит компанияси томонидан оқланаётгани ҳайратга солади). Ҳисобот давридан кейинги ойларда, 2025 йил 1 январдан 31 мартга қадар Ўзбекнефтегаз турли ўзбек ва хорижий банклардан 326,2 млн.доллар, 39,6 млн.евро, 42,5 млн.юан ва 101 млрд.сўмлик (жами 385 млн.доллар эквивалентида) янги қарз битимларини тузгани қайд этилган. Янги қарз битимларининг шартлари, хусусан нархи, муддати ва таъминланиши ҳақида аудитор бирон қўшимча маълумот келтирмаган. Худди Ўзбекнефтегаз томонидан қарз жамғарилишида ва тўловларда фавқулодда катта ўринга эга бўлган GTL заводи молиявий натижалари бўйича маълумот келтирилмагани сингари. Ўзбекнефтегаз нафақат инвесторлари ва кредиторлари олдида масъулияти борлиги, унинг космик тезликда ошаётган мажбуриятлари таннарх орқали шиширилаётган, товонга айланаётган тўловлари Ўзбекистон халқи ҳисобидан қопланиши инобатга олинса, аудиторнинг ҳисоботини ахборотларни етарли даражада очади, деб ҳисобламаган бўлардим. Ўзбекистонда ишлаётган катта тўртликка кирувчи аудиторлик компаниялари алал-оқибат уларнинг Ўзбекистон халқи олдидаги репутациясини белгилайдиган жиҳатларни ҳам инобатга олса бўларди.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin