Нима учун Ўзбекистон жамияти энергетикадаги самарасиз ва зараркунанда лойиҳалар ҳақида тинимсиз савол бериш керак?
Чунки 5 ой газдан узилиб, 7 ой 30% қувватда ишлайдиган, 4 млрд.долларгача шиширилган GTL заводи, 1,8 млрд.долларлик (1,2 млрд.доллари қарз) қийматдаги бунёд этилмаган Шўртангаз-2 лойиҳаси, нархи 2 карра шиширилган МТО заводи ва ўзи йўқ газга янги иштаҳа билан ясалаётган Хоразмдаги 10 млрд.долларлик газ-кимё комплекслари учун охирги тўловчи бизмиз.
Бу лойиҳаларнинг юмалоқ-ёстиқ қилиб охирига етганлари зарарда ўтирипти, қурилмай қолгани бўйича кредитлар тўланмоқда, қурилаётганининг нархи шунчалик шишганки, уларнинг иқтисодий самарали ва рақобатли бўлиши даргумон. Шундай экан, миллиардлаб (энди ўнлаб миллиард деса бўлади) долларлик зараркунанда ва самарасиз лойиҳалар таннархни шишираяпти. "Газнинг таннархи 2 минг сўм" деган лоф қаерда тўқилган деб ўйлайсиз? Уни ким тўлайди? Сиз ва биз. Ўзбекистонликлар тўлайди қароқчи тарифлар билан. Мазасини сўрган пудрат қироллари эмас. Уқувсиз шотир менежерлар-у, сиғиниладиган энергоустозлар эмас. 2000 сўм ҳолва, бу энергошоввозларнинг зараркунандалиги ўзбек жамияти тарафидан тийилмаса, 3000, 4000 сўм ҳам бўлади. Схеманинг шеригига айланиб бўлган улфати чор аудиторлар-у, ошхўр халқаро консультантлардан бирон умид кутманг, улар Ўзбекистонда яшамайди, ёзиб бергани учун пулини олади, кетади.
"Шу билан 3 йил тарифлар ўзгармайди" деб қасам ичиб туриб, бир думалаб "ҳар йили тарифлар ошириб борилади" дейишга ўтиб оладиган чалачубайслардан ҳам бирон яхшилик кутмаслик керак.
Шунинг учун энди ҳаммаси ўзимизга, ватандошлик жамиятига, унинг тинимсиз берадиган саволларига боғлиқ бўлади. Аппеляция қиладиган бошқа ҳеч нарса қолмаган.
- https://t.me/the_bakiroo/9266@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/7944@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/8257@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/7800@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/7566@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/8025@the_bakiroo