Ўзи йўқ газга миллиард долларлик лойиҳалар
Қазиб олинаётган газ ҳажмининг фақат камайиб бораётгани фонида энг катта рисклардан бири бу ўзи йўқ газга янги ва янги шиширилган лойиҳаларнинг ўйлаб топилиши ва маблағларнинг ўзлаштирилиши ҳисобланади.
Яъни рационал кўз билан қаралса, кафолатланган қазиб олинадиган ортиқча газ ҳажми ё сиёсийлашмаган, эркин бозордаги газ таъминотчилари мавжуд бўлмай, чўнтак пудратчиларни бойитадиган ва ташқи қарзларни кўпайтирадиган бир неча млрд. долларлик шартли шиширилган Uzbekistan GTL каби лойиҳалардан воз кечиш керак (иқтисодий мантиқ ва самарадорлик бўйича).
Лекин янги ва яп-янги Ўзбекистонда кимдир иқтисодий самарадорлик ҳақида ўйлайдими? Айниқса олигарх ва эҳтимолий агрессорларнинг таъсири тобора ошиб бораётган энергетикада, бўлибам газ соҳасида.
Газета умумий нархи 1 млрд.долларгача шиширилган газ омбори лойиҳаси ва унинг оёқлари қаердан ўсиб чиқаётгани ҳақида материал тайёрлапти (тез орада ўчиртирилиб, йўқ бўлиб қолиши ҳам мумкин).
Темада бўлган ва темада бўлмаган ўқувчилар ҳам Газлидаги газ сақлаш омбори лойиҳасида устав фонди 155 доллар ва айланмаси 46 доллар бўлган «Форус» компанияси, унинг Путиннинг дўсти олигарх Тимченкога алоқаси, қандай қилиб ташкил этилган қўшма корхонада омбор эгаси бўлган Ўзбекнефтегаз улуши 40%га тушиб қолгани, олигарх таъсиридаги чўнтакнинг улуши 60%га қандай етказилгани ҳақида саволларни бермаслиги мумкин эмас.
Балки бу бўйича Энергетика вазирлиги яна битта ёпиқ матбуот анжумани ўтказиб, олдиндан тайёрланган шаблон тушунчаларни алоҳида танлаб олинганларга тарқатар.
Лекин шундаям моҳият заррача ўзгармайди. Бу лойиҳа иқтисодий маънога эга эмас. 3,5 млрд.кублик мавжуд омборларни тўлдира олмаётган Ўзбекистонга 10 млрд.кублик газ омбори нима учун керак, бу омборни тўлдириш учун газни қаердан оламиз, бутун бошли мамлакат газ балансини, кимдан газ олишни ва тарифлар белгилашни нега ўрисларга топширишимиз керак деган саволларга минг чиранган билан ва тасаввурни ишга солган билан жавоб топилмайди.
2017 йилдан кейин Энергетика ва газ соҳасида юз бераётган жараёнлар кетма-кетлигини бир ипга тизиб чиққан одам борки, агар кўзи кўр бўлмаса, бу воқеаларнинг ҳеч бири тасодифий эмаслиги ва ҳаммаси Ўзбекистон энергетикасини Кремлга тўлиқ бўйсундириш ва қарам қилиш йўлидаги пухта ўйланган режа эканини кўра олади.