Ташқи қарзга бунёд бўлган Uzbekistan GTL маълумотлари қачон очилади?
"Давлат қарзи тўғрисида"ги қонун ниҳоят кучга кирди.
Қонунга кўра, Давлат қарзини бошқаришнинг асосий принциплариидан бири очиқлик ва шаффофлик ҳисобланади.
Қонун руҳи ва ҳарфига кўра, энди вазирлик, ҳокимлик, идоралар, юридик шахслар давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан молиялаштирилаётган тегишли лойиҳалар ҳақида маълумот ва ҳисобот беришлари мажбур.
Бюджетни ҳисобга олмаганда охирги етти йилда Ўзбекистон ташқи қарзи энг кўп йўналтирилган соҳалар бу Электроэнергетика (3,0 млрд.доллар), нефть-газ (2,84 млрд.доллар), сув хўжалиги (2,54 млрд.доллар) ва транспорт (2,51 млрд.доллар) соҳалари ҳисобланади. Сиз биласиз, иқтисодиётимизнинг энг муаммоли, энг расво ва самарасиз соҳалари ҳам шу йўналишларда. Яъни ташқи қарзни кўпайтириш ўзи ўғирликка ва ўзлаштиришга асосланган тармоқларни янада қуйига қулатган бўлса қулатдики, яхшилагани йўқ. Ҳарқалай, оддий Ўзбекистонликлар ўзининг танасида буни ҳис қилгани йўқ (олигарх ва чўнтаклар мазасини тортаётган бўлишлари табиий).
Буям майли, шу кунгача ташқи қарз ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳалар бўйича батафсил ва чуқур маълумот умуман очиқланмасди. Ўрага сичқон тушди гулдур гуп.
Масалан, биз янги Ўзбекистоннинг символига айланган Uzbekistаn GTL'нинг на молиявий натижалари, на йиққан зарари, на активлари таркиби, на қарзлари динамикасини билмаймиз. Чунки биринчидан корхона МЧЖ статуси ортига яширинган, иккинчидан, очиқлаш ва ҳисобдорлик бўйича қонунчилик талаблари йўқ эди. Энди бор. Марҳамат қилиб, очиқлашсин.
Худди шундай ижтимоий ва инфратузилма лойиҳалари бўйича жалб қилинган қарзларнинг самарадорлиги бўйича кўплаб саволларга жавоб шу пайтгача йўқ эди. Масалан, 2017 йилда Осиё тараққиёт банкидан Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманидаги сув таъминотини яхшилашга 120 млн.доллар кредит олинган. 6 йил бўлди. Ҳалиям сув йўқ. Режа бўйича 2021 йилда лойиҳа тугалланиши, сув келиши керак бўлган. Менимча, энди келмасаям керак. Қарзни эса бюджет ҳисобидан тўлаб ётипмиз. Бу орада Янгийўл ва Чиноз туманларида сув таъминоти учун Осиё тараққиёт банки 2- транш бўйича яна 100 миллион доллар қарз олишигаям улгуришди (балки Қибрай, Тошкент ва Зангиотага сув етказилди деб ОТБга ишонтиришган ҳам чиқишар, чунки ОТБдаги чопонбоз ва ошхўрлар жуда ишонувчан).
Бундай лойиҳалар ўнлаб, балки юзлаб. Ҳисобдорлик, очиқлик йўқлиги учун билган номаъқулини еб ётишганди. Энди бундай бўлмаслиги керак.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ташқи қарз ҳисобидан молиялаштиришган лойиҳаларнинг жорий рўйхатини батафсил маълумотлар билан очиқласа, қолганини талаб қилиб олиш фаол жамоатчиликнинг, Оммавий ахборот воситаларининг иши бўлади.
Қанчалик ёқимсиз бўлмасин, 30 млрд.долларлик қарзлар бизнинг бўйнимиздаги қарзлар. Кимдир келиб самарадорлигини яхшилаб, ўғриларни жазолаб ё қарзларни ёпиб бермайди. Самарасиз лойиҳаларда чайиладиган янги қарзларни жамламаслик бўйича позицияларни шакллантириш ҳам ўзбекистонликларнинг ўзларига боғлиқ.
- https://lex.uz/docs/6446817lex.uz
- https://t.me/the_bakiroo/1556@the_bakiroo