Яна ташқи қарз, яна фоизсиз ссуда ва солиқ имтиёзлари
Тошкент шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳага кўра, хусусан:
200 миллион долларгача қийматда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати остида Тошкент шаҳар ҳокимлигига кредит маблағларини тақдим этиш учун ташқи қарз жалб этилади;
Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2023 йилгача муддатга 1 трлн.сўм фоизсиз ссуда ажратилади;
2018 йил 2 августдаги ПҚ–3895-сон “Республика ҳудудларида “Business city” замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг 9-банди билан кўзда тутилган имтиёзлар 2025 йил 1 январга қадар узайтирилади.
Бу қандай имтиёзлар дейишингиз мумкин. Эслатамиз:
«Business city» марказлари қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида:
а) инвесторлар — мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан;
бош пудратчи ва бош лойиҳа ташкилотлари — Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажариладиган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлашдан;
ташкилотлар-норезидентлар — ҳам доимий муассаса, ҳам Ўзбекистон Республикасида тўлов манбаси орқали олинадиган даромадлар бўйича фойда солиғини тўлашдан;
дирекциялар, инвесторлар, бош пудрат ташкилотлари — Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, металл конструкциялар учун божхона тўловларини (божхона йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан;
б) дирекциялар «Business city» марказлари фаолият кўрсатишининг бутун даврида солиқларнинг барча турлари ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилинсин.
Лойиҳа бошдан оёқ ташқи қарз, солиқ имтиёзлари ва преференциялари билан тўлиқ тошган бўлсада, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан киритилган.
Изоҳлашга, муносабат билдиришгаям чарчади одам.
Давлетов.ўз кеча ёзганидек, бундай ҳаракатларга қарши курашиш мантиқсиз ҳаракатга, курашаётганлар эса Дон Кихотга ўхшаб қолаяпти.