14K105Telegramda ochish
Коррупцияга қарши курашнинг узун ва оғир йўли. Иккинчи пост Суриштирувлар эълон қилингач, барча белгилари бўйича коррупцион ҳисобланган ушбу ҳолатлар бўйича вилоят прокуратуралари иш очдими? Андижон вилоят прокуратураси жим. Жиззах вилоят прокуратураси жим. Ҳатто баёнот ҳам берилгани йўқ. Нега? Чунки прокуратура идоралари Конституцияда зикр бўлмаган бошқарув ва амалий вертикал доирасида ҳокимга қарам ва бўйсунувчи қилиб қўйилган. Янги даврдаги энг катта хатолардан бири, мамлакатни ялпи коррупцион маконга айлантирган ҳаракат бу ҳудудларда бусиз ҳам саволли бўлган кучлар мувозанатининг янада бузилгани бўлди. Ўтган даврда ўзини тўла оқламаган кучишлатарлар етовидаги вертикалдан Ҳокимнинг барча идоралар, ҳатто прокуратура ва ички ишлар устидан, баъзида маҳаллий хавфсизлик тизими устидан мутлақ ҳокимияти ўрнатилиши коррупцион вазиятни янада оғирлаштирди. Бугун нимага эга бўлиб турибмиз? Маҳаллий прокуратура ҳоким ва унинг жиноий ҳамтовоқларининг қонунга зид ишларига қарши ҳаракатдан ўзини тийишга мажбур, ички ишлар идоралари ҳокимни тийишга рационал рағбатга эга эмас, хавфсизлик вертикали эса энг юқоридан топшириқ бўлмагунча тобора авж олаётган коррупциоген вазиятни мониторинг қилиш билан чекланмоқда. Ҳоким рўйхати билан шакллантирилган ва дастёрга айланган маҳаллий кенгашлар Ҳоким ваколатларини чекловчи институтга айланишига ҳали анча вақт бор, бунинг учун росмана сиёсий ирода билан маҳаллий кенгашлар очиқ ва эркин сайловларда шаклланиши лозим. Шундай экан, ҳудудларда ўзаро тийиб туришни таъминлайдиган, ҳокимиятнинг ҳеч бир тармоғи мутлақ етакчи бўлмаган мувозанатни қайта тиклашга тўғри келади. Токи ҳоким мелисанинг қонунсизлигига, прокуратура ҳокимнинг тийиқсизлигига, хавфсизлик идоралари прокуратуранинг қонундан ташқари ҳаракатларига мустақил баҳо бера олсин. Бу қандай рўй бериши мумкин? Бунинг йўли осон ва айни пайтда ҳаддан зиёд мураккаб: телба-тескари бошқарув тажрибаларидан Конституцияга қайтиш керак! @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin