Коррупцияга қарши курашнинг узун ва оғир йўли. Учинчи пост
Ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари билан аффилланган субъектларнинг давлат буюртмаларини эгаллашлари, ўзлаштиришлари нормага айланиб қолганини кўрган ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқлар орқали вазиятга, афсуски, скептик қарашда давом этмоқдалар.
Энг кўп айтилаётган муносабат тахминан шундай: Ҳа энди, ҳокимлар фирмаларини фарзандлари ва укалари номига эмас, шофери, ошпази, жазмани ё бошқа югурдаклари номига расмийлаштиради-да, давлат буюртмалари улардан ошмайди, ҳеч нима ўзгармайди.
Йўқ, бундай бўлмаслиги керак, бундай бўлмаслиги учун фаол жамоатчилик, қонунга итоат этувчи тадбиркорлар, солиқ тўлаб давлатдан ҳақ талаб этувчилар етиб келган жойимизда асло тўхтаб қолмаслигимиз зарур.
Биринчидан, ўша ҳокимлар шартли югурдаги номига очилган фирмалар давлат буюртмасини эгаллаб олган тақдирда ҳам, фирманинг асл бенефициари ҳоким эканини далиллаш мумкин. Қонунчилигимизда битимдан асл манфаатдор тушунчаси мавжуд ва қўлланилади. Бунинг учун вазиятдан қайсидир кўринишда хабардор фуқаролар бефарқ бўлмасликлари, қўрқмасликлари лозим. Ҳа, қийинроқ бўлади, лекин курашиш мумкин.
Иккинчидан, давлат харидлари тизими катта қозон, бундай барча тадбиркорлар, рақобатга тайёр тадбиркорлар эркин фойдаланиши керак. Тадбиркорлар иштирок этмаса, устма-уст қалашиб ётган манфаатлар тўқнашувини йўққа чиқаришнинг бошқа воситаси йўқ. Тенг имкониятларни фақат кураш йўли билан шакллантириш мумкин. Дарвоқе, бир ой олдин Ular подкастида айни шу мавзуда суҳбат қилгандик. Такрор бўлса ҳам, яна қонунга итоаткор, рақобатга тайёр тадбиркорларга мурожаат қилмоқчиман:
Ўзбекистонда энг катта тақсимловчи, буюртма берувчи бу - давлат. Кенгаймоқчимисиз, фойда олмоқчимисиз, Давлат харидлари тизимида иштирок этинг, курашинг, ютинг, сиз иштирок этмасангиз, бу тизимни ҳокимлар ва чиновникнинг паразитлашган тузилмалари эмишда давом этаверади.
Учинчидан, балки бу мавзудан сал лирик чекинишдир, лекин ўрни келди, айтмаса бўлмайди. Ҳеч кимга сир эмас, вилоятларда кўчалар ва майдонларга гул эктириш, газон ётқизиш, манзарали дарахтлар эктириш ва умуман ободонлаштириш юкламаси харажатлари давлат ташкилотлари, тадбиркорлар, банклар, бозорлар бўйнига бўлиб, юклаб юборилган. Айниқса, ташрифлар арафасида давлат раҳбари номини рўкач қилиб бу жараён роса авжига чиқади. Илгари ўтган замонда ростан ҳам бу йўналишга маблағлар ажратилмаган, лекин кейин 3-4 йилда ободонлаштириш, ландшафт дизайни, кўкаламзорлаштиришга ҳар бир вилоятга ўнлаб миллиард пул ажратилмоқда. Жиззах мисолида кўрдикки, бу пуллар ўзбилганча нақдлаштирилиб, ўзлаштирилмоқда. Шунингчун, ҳурматли давлат ташкилотлари, тадбиркорлар, банклар, бозорлар, гул экишга, кўкаламзорлаштиришга, ободонлаштиришга дейилса, кўпга келган тўй экан, деб ижро қилиб кетаверманглар. Талаб қилинглар: гулга ажратилган пул қани ҳокимбова, гулчи қизингизни, лола дарахти келтирадиган укангизни, газончи жиянингизни чақиринг мундоқ, деб сўранглар!
Бугунга ҳозирча шу.
@the_bakiroo
- https://www.youtube.com/watch?v=RfihZjY0nZsyoutube.com