21K201Telegramda ochish
Йўли йўқ, суви йўқ, мактаби йўқ, мактаби бўлса, туалети йўқ жамият гулни ижтимоий неъмат сифатида қабул қилишга ҳаққи йўқ: Шаҳар кўчаларига гул экишни тўхтатиш керак Беруний метро бекати олдидан ўтаётсам ўнлаб ободонлаштириш ходимлари ерга гул суқиб чиқаяпти (ўтган ҳафта улар Чилонзор тарафларда эди). Демак, шу кунларда катталардан кимдир шу тарафга ўтса керак. Албатта бу гуллар ҳатто кутилаётган меҳмон келадиган кунгачаям яшамаслиги мумкин, чунки якшанба куни қаттиқ ёмғир ёғади деган прогнозлар бор. Шаҳар кўчаларида экилаётган гуллар йўл, сув, пиёдалар йўлаги, жамоат транспорти каби ижтимоий неъмат эмас деб жуда кўп ёзилди. Албатта гап боғ, ҳиёбон ва майдонларда экилган, қиймати, сифати ва назорати унитар корхоналар ва дирекциялар зиммасида бўлган ландшафтлар ҳақида кетмаяпти. Қозоғистон биздан расман камида 6 баробар бой давлат. Шу бой давлатнинг энг бой шаҳри Олмаота ҳам бир йиллик гуллар экиш амалиётидан воз кечмоқда. Турган-битгани зиён бўлган бу одатдан воз кечиб, кўп йиллик гуллар экиш амалиётига ўтаётган қўшниларимиз ҳақида мана бу мақолани албатта ўқинг. Абсурд шу даражага етганки, нафақат шаҳарларимиз, балки вилоят маркази ва туманлар ўртасидаги йўлларга ҳам гул экиш бюджет ўзлаштирадиган оммавий мажбуриятга айланган. Кўзбўямачилик ва ёлғончилик саноат даражасига кўтарилган вилоятларда айниқса (кимлиги ва қайсилигини айтиш шартмас, ҳамма кўз олдига келтириб бўлди). Ишонмасангиз, вилоят марказларидан туман марказларига қараб юриб кўринг, йўл дабдала, йўл бўйлаб жойлашган маҳаллаларда сув йўқ, мактабларнинг туалети йўқ. Лекин миллиардлаб маблағ сарфланиб гул экилган. Йилига камида 10 ой — февралдан ноябргача тинимсиз гул экилади. Вилоятнинг бош қасамхўр ўғрилари туманга ташрифи кутилаётган бўлса, ҳар куни қайта-қайта гул экилади. Чунки гул ўлгур иккинчи кунга бормай, барибир қурийди. Ҳудудларда гул билан боғлиқ пул ўзлаштириш ҳокимларнинг ер сотиш ва давлат буюртмаларини тақсимлашдан кейинги учинчи ўриндаги коррупцион даромад манбаига айланиб бўлган. Гул етказиш ва миллиардлаб пул ўзлаштириш вилоят раҳбарларининг ё қизи, ё укаси, ё жияни ё югурдак шотирларининг қўлида. Республика бўйича ҳам, вилоят ва туманлардаям ҳозир бюджетни шакллантириш бошланган. Шаҳарлар, вилоятдан туманга элтадиган кўчалар бўйлаб гул экишга келаси йил бир тийин ҳам ажратилмаслиги керак. Чунки йўли йўқ, суви йўқ, мактаби йўқ, мактаби бўлса, туалети йўқ жамият гулни ижтимоий неъмат сифатида қабул қилишга ҳаққи йўқ.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin