Гулбозлик ҳақида
Бирон кун келади ва тепадагилар энг қашшоқ давлатлардан бири эканимизни тушунишади ва бюджет ҳисобидан ё ҳомийликка мажбурлаб гулбозлик ўтказишни тўхтатишади. Приоритетлар ўзгаради.
Дарвоқе, ШОС тадбирлари доирасида Самарқандда ўтган йилдан бошланган гулбозликнинг тўртинчи тўлқини давом этаяпти. Сентябрда бешинчи тўлқин билан тугайди, деган умид бор.
Шаҳар кўчаларини гул билан безатиш бизнинг ҳолимизда самарасизликнинг олий намунаси. Гулбозлик шунчалар авжига чиқдики ва бюджет, ҳомийликка мажбурлов маблағлари шунчалар кўпайдики, ҳозир ҳар бир ҳокимнинг чўнтак гулхонаси бор.
Кўчалар одамлар учун қулай бўлиши учун, майли ана, чиройли кўриниши учун сифатли, белгилар, чизиқлар тортилган асфальт қопламаси ва йўл чети бўйлаб кесилмаган дарахтлар бўлиши кифоя.
Сизга икки хил манзарани кўз олдингизга тасаввур этишингизни сўрайман.
Биринчиси, дарахтсиз яйдоқ, лекин икки тарафга гуллар экилган, йўл белгилари чизилмаган, ямаларга тўла кўча.
Иккинчиси, икки тарафи дарахтзор, йўл белгилари чизилган, сифатли асфальт қопламали кўча.
Фуқаро ўлароқ сизга қайси бири афзал?
Балки ўзбек чиновникларининг кўзини гул кўпроқ қувонтирар. Қарши эмасман, майли уйига, қўшқаватли саройларига, ўзларининг ёзги ва қишки боғларига экишсин. Ўзларининг пулига экишсин ва бундан ўзлари қувонишда ёки бир-бирини қувонтиришда давом этишсин.
P.S. Гул бугунги ўзбекистонликлар учун бюджет маблағлари сарф этиладиган ижтимоий неъмат эмас, шуни тушунишларини истайман.