Гул ижтимоий неъмат эмас
Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш бўйича бош режаси тасдиқланган. Аввало айтиш керакки, бу яхши хабар. Қани энди шаҳар маъсуллари 6 йилдан бери кейинга суриб келинаётган шаҳар бош режасини ҳам тезроқ охирига етказиб, тасдиқлашса.
Энди тасдиқланган Кўкаламзорлаштириш бош режаси ҳақида айрим мулоҳазалар.
Қарорда ёзилишича, Тошкент шаҳрида 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумида жами 2 165,2 минг дона дарахт ва бута кўчатлари экилган. Бу қанчалик ҳақиқатга тўғри келади, билмайман. Чунки Давлат раҳбарининг ўзи экилган кўчатлар, айниқса кўкарган дарахтлар статистикасини бир неча марта савол остига олганди.
Нима учун бизда ҳам бу рақамга савол пайдо бўлаяпти? Бош режага кўра, 2023-27 йилларда жами 395 380 дона кўчат ва қаламчалар экиш мўлжалланган. Бошқача айтганда, 2021 йил кузидан 2022 йил баҳоригача бўлган даврда келаси 5 йилда экилиши мўлжалланганидан 5,5 баробар кўпроқ кўчат экилган. Негадир ишониш жуда қийин. Ё Тошкент яшиллашиб бўлди ва буёғига энди кам-кам кўчат экилсаям бўлади, ёки ўтган ярим йилдаги рақамларни батафсил инвентаризация қилиш, текшириш керак.
Иккинчи масала, кўкаламзорлаштириш бош режасига кўра экиладиган гуллар билан боғлиқ. Режага кўра, ҳар йили 6,9 миллиондан 7,4 миллионгача гул кўчатлари экилиши керак. Балки ўзбек чиновникларининг кўзини, чўнтагини гул кўпроқ қувонтирар, бу ҳақда кўп ёзилган, ҳокимлар нега гулга ёпишволгани ҳақида ҳали яна кўп ёзилади. Лекин билиш керакки, гул бирон бир нормал давлатда ижтимоий неъмат ўлароқ қаралмайди, уни экиш, парваришлаш, сақлаш, суғориш дарахтга нисбатан бир неча ўн каррага қимматга тушади. Ҳа, яшиллик, дарахтзорлар бу ижтимоий товар, лекин гул ва гул экиш эмас. Қачонлардир ўта бой давлат бўлиб кетсак ҳам бу Приоритетларда биринчи ўринга чиқмайди.
Биринчи ва иккинчи масала, табиийки, учинчи саволни туғдиради. Бош режанинг молиявий кўрсаткичлари мавжуд эмас. Ҳар қандай Бош режа қийматда ўлчаниши керак. Мисол учун, 2023 йилда экиладиган 6,9 млн.дона гул кўчат гуллар қирқими бўйича қанчага тушади? Ёки бўлмасам, Япон Софораси, Виргин хурмоси, Богряник, Монголия подубнолистная, Андижон вилояти ҳокими айниқса кўп севадиган Лола дарахти бўйича бюджетимиз қанақа ўзи? Кейин кимлардан ва қаердан сотиб олинади деган ёқимсиз саволга ўтиш мумкин.
Охирида тошентликлар ва умуман ўзбекистонликлар беришдан тўхтамаган яна битта савол: нимага яна арча?
Рўйхатга қаранг: Виргин арчаси, Оддий арча, Тяншан арчаси, Кўмиш рангли арча...