21K323Telegramda ochish
Соғлом ўзбек тадбиркори ўзбек ҳокимидан узоқроқ юриши керак Журналист Шокиржонов ёзаяпти: "Ҳурматли тадбиркорлар! Яна лохга ўхшаб, ҳокимнинг олдигами, ўша тузиладиган янги кенгашгами бориб, «манабунақа режам бор», «мана бунақа ишлаб чиқариш қилмоқчиман», «мана бу ерда эгасиз бино/ер/цех бор, менга берилса манавинақа қилмоқчиман», деб режаларингизни баён этиб юрманг! Асло билдирманг ҳеч кимга. Режаларингиз дарҳол конкурентларингизга сотилади ёки ҳокимнинг яқин оғайнилари ёки қариндошларига «пул қилса бўлар экан демак шу нарсадан», деб топширилади. Кўрсатган ерларингиз/биноларингиз эса бошқага хатланиб берилади. Кейин ўзингиз жуда катта пулга қайта сотиб олишингизга тўғри келади, магар сизга ўша жой жуда зарур бўлса. Йўқса, режангиз чиппакка чиқади". Шокиржонов ҳеч ким сайламаган ва тескари селекциянинг маҳсули бўлган ўзбек ҳокимларининг қиёфасини бирга бир тўғри тасвирлаяпти. 2021 йилгача давом этган "Ер сотиш эпохасини" ҳокимлар уюштирган Очиқ эшиклар кунларида қатнашган тадбикорлардан бир мана қандай тасвирлайди: "Ҳокимлар, айниқса ўринбосарлари шаҳарда қаерда ортиқча, фойдаланилмаётган ер бор, у ерда нима қуриш мумкин, у пайтда билишмас эди. Ҳокимлар тайинланиши билан сотиладиган ер қидиришга чиқиши кейин пайдо бўлди. Ўзим кўз остимга опқўйган ер майдонининг контурини чизиб, аниқ таклиф билан ҳоким олдига кирдим. Кўрди. Хурсанд бўлиб, мана бизга сизга ўхшаган тадбиркорлар керак, деб айтди. Таклифингизни 2 ҳафтада ҳал қилиб берамиз, қарор қўлингизда бўлади дея, контурни олиб қолди. Хурсанд бўлиб чиқдим. Бир ҳафта ўтди, жавоб йўқ, икки ҳафта ўтди, жавоб йўқ. 20 кунлардан кейин билсам, мен кўрсатган контурни бошқа одамга қарор қилиб берворишипти. Шу орада яна ҳоким билан учрашув ўтказилди. Яна олдига кирдим, таклиф этган ерни бошқа шахсга қарор қилиб бериб юборилганини айтдим. Ҳоким, бу атрофидаги муттаҳамларнинг иши, ўзи ҳам бунақалардан роса чарчаганини айтиб, бошқа таклифингиз борми, деб сўради. Кўз остимдаги бошқа бўш майдонни айтдим. Жойлашган ҳудуд чизмасини қўлда чизиб кўрсатдим. Қоп-қоп ваъдалар берди. Ишонқирамай чиқдим. Биринчи марта кирганимда пайдо бўлган шубҳа яна ўз исботини топди. Бир ойлар ўтиб мен таклиф этган ер бошқа одамга қарор қилиб берворилган. Кейин ўзимнинг соддалигим ва менга ўхшаган бошқа содда тадбиркорларнинг тажрибасидан билдимки, ҳокимнинг тадбиркорлар билан учрашувлари бу тузоқ экан. Учрашувлар ва очиқ эшикларда тадбиркорлар таклиф этган ерлар зўр, қиммат жойлар бўлса, дарров ҳокимнинг атрофидаги шотирлар номига расмийлаштириш учун иш бошлаб юборишаркан. Қарабсизки, энг қиммат жойлар ҳоким ва унинг атрофидагилар қўлига ўтиб кетаверади. 3-4 ой ўтиб, ўша ер участкаларига қарор чиққанлар ерни учинчи шахсларга пуллашади. Энг осон схема шу - фирманинг таъсисчиси ўзгаради. Бўлди. Шундай қилиб, мен ва менга ўхшаш ишонувчан, содда тадбиркорлар ҳам аввалдан ўзимиз мўлжаллаган ер участкаларни иккинчи қўлдан олдик. Албатта текинга эмас, отнинг калласидек бозор нархида. Кейин бу пуллар кимларга ва қаерларгача етиб боргани менга қоронғу". Демак, соғлом, рақобат муҳитида ўсган, очиқ бозорда фаолият кўрсатаётган тадбиркормисиз? Унда мана бунақа кенгашлардан ўзингизни узоқроқ тутинг.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin